Жаҳон | 14:24 / 04.03.2024
6145
3 дақиқада ўқилади

ДТЭК раҳбари: Украина ғалабаси нафақат фронтдаги аскарларга, балки иқтисодий вазиятга ҳам боғлиқ

Украинанинг ғалабаси нафақат фронтдаги аскарларга, балки иқтисодий вазиятга ҳам боғлиқ, деди Максим Тимченко FT нашрига. Киев бир ой ичида Вашингтон ёрдамига муҳтож, деганди аввалроқ президент Зеленский.

Фото: Pavlo Palamarchuk/ZUMAPRESS/picture alliance

Агар Қўшма Штатлардан ёрдам тез орада келмаса, Украина Россия билан «энергия урушида» мағлубиятга учраши мумкин. Бу ҳақда Украинанинг ДТЭК энергетика компанияси бош директори Максим Тимченко 3 март, якшанба куни чоп этилган Financial Times (FT) газетасига берган интервюсида маълум қилди. Украина президенти Володимир Зеленский феврал ойи охирида Вашингтонда қолиб кетган ёрдам «бир ой ичида» керак бўлишини таъкидлади.

Украинанинг ғалабаси «нафақат фронтдаги одамларга, балки иқтисодиётимиз қандай омон қолишига ҳам боғлиқ. Бизнинг ишлаб чиқариш қувватларимиз ва оддий компанияларимиз қандай ишлашда давом этишига боғлиқ», - дея қўшимча қилди ДТЭК раҳбари. Электр таъминоти «ёзда ҳам, қишда ҳам бир хил аҳамиятга эга», деди у.

Тимченко: Россия зарбалари билан ўз мақсадига тобора эришмоқда

Қишнинг дастлабки ойларида Украина ўз энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилишга кўпроқ тайёргарлик кўрди ва бунга қодир эди, бироқ сўнгги ҳафталарда «кўпроқ учувчисиз учоқлар ва ракеталар нишонга етиб бормоқда», деди Тимченко. Мамлакат Ғарб ўқ-дорилари камайиши фонида самарали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда, дея тушунтирди FT манбаси.

«Ҳар ҳафта ўққа тутилгандан сўнг энергия жиҳозларимизни тиклаймиз. Ва ҳимоясиз бўлиб бораётганимизни ҳис қилиш бизнинг ишончимизга жуда зарарли», - дея қўшимча қилди ДТЭК раҳбари. У қиш тугаши муносабати билан талабнинг пасайиши кутилаётганига қарамай, келгуси олти ойда бўшашмасликка чақирди.

Тимченко раҳбарлик қилаётган корхона Украинанинг энергияга бўлган эҳтиёжи қарийб 20 фоизини қоплайди. Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳужумидан бери ДТЭК ўз инфратузилмасига 9700 дан ортиқ ҳужумни қайд этди. Компания маълумотларига кўра, иссиқлик электр станцияларида 160 га яқин зарбалар бўлган. 

Конгрессда Украинага ёрдам кўрсатиш лойиҳаси қолиб кетди 

АҚШ Конгресси 2023 йил октябридан Киевга молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Феврал ойи ўрталарида Сенат Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам сифатида 95 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш ташаббусини маъқуллаган эди.

Энди ҳужжат Вакиллар палатаси томонидан маъқулланиши керак, бироқ спикер Жеймс Майкл Жонсон уни катта эҳтимол билан рад этишини айтди. Сабаби, ҳужжатнинг амалдаги таҳририга қуйи палатада ҳукмрон Республикачилар партияси таъкидлаётган нарса - АҚШ жанубий чегарасида назоратни кучайтириш харажатлари киритилмаган.  

Мавзуга оид