Жаҳон | 12:10 / 05.03.2024
5637
3 дақиқада ўқилади

Россияда Лилия Чанишеванинг жазо муддатини 10 йилгача ошириш талаб қилинди

Кассация суди Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ координатори ишини янги суд жараёнига қайтарди. Прокурор 7,5 йилга колонияга жўнатилган Чанишеванинг жазосини ўта енгил, деб ҳисоблаяпти.

Лилия Чанишева Фото: AP / TASS

Прокуратура Алексей Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари Лилия Чанишевага нисбатан жазо кучайтирилишини талаб қилди. Олтинчи кассация суди ишни Бошқирдистон Олий судига янги апелляция кўриб чиқиши учун қайтарди, деди Навалний штаби собиқ координаторининг адвокати Рамил Гизатуллин 4 март, душанба куни.

Бу маълумотларга кўра, прокурорлар суднинг экстремистик жамият яратиш иши бўйича ҳукмини ўта юмшоқ деб ҳисоблаб, жазони 7,5 йилдан 10 йилгача оширишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Чанишева иши бўйича «экстремистик фаолиятга оммавий даъват»да айбланиб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган фаол Рустем Мулюковнинг иши янги судга юборилди. 

«Менимча, иш қонунбузарликлар туфайли эмас, балки прокурорнинг илтимосига биноан, жазо ҳаддан ташқари «юмшоқлиги» туфайли қайтарилди», - дейди Чанишеванинг адвокати Сергей Макаренко. У Чанишева кейинги икки ой давомида Перм ўлкасидаги тергов ҳибсхонасида қолишини, кейин эса Бошқирдистон Олий суди прокурор талабини қаноатлантиришни тахмин қилди. Биринчи гуруҳ ногирони ва доимий гемодиализга муҳтож бўлган Мулюков соғлиғи сабабли қўйиб юборилишини сўради. Суд талабни қондиришдан бош тортди. 

Лилия Чанишева иши

2023 йил июн ойида Лилия Чанйшева Уфанинг Киров туман суди томонидан «экстремистик ҳамжамият яратиш», «экстремизмга даъват қилиш», шунингдек, «нодавлат нотижорат ташкилотини тузиш» айблари бўйича етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Прокурор Чанишевани 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. 

Ёпиқ суд мажлисида сўнгги сўзни айтган Чанишева ўзининг жиноий ишини сиёсий деб атади ва буни Россия ҳамда Бошқирдистон раҳбарияти томонидан таъқиб қилиниши билан боғлади. «Раҳбарият узоқ вақтдан бери ҳар қандай норозиликни йўқ қилишни, одамлар ва ҳукумат ўртасида душманлик муҳитини яратмоқчи бўлганидан ягона мақсад - 2024 йилда ҳокимиятни сақлаб қолиш. Лекин коррупция, паст маош ва пенсиялар, пасайиб бораётган иқтисодиёт ва кўтарилган нархлар кузатилмоқда. Уруш ҳам бор», деди у.

2017-2021 йилларда Навалнийнинг Уфа штабини бошқарган Лилия Чанишева 2021 йил кузида Алексей Навалний ва унинг шерикларига қарши қўзғатилган «экстремистик» жамоа тузиш бўйича жиноий ишда биринчи бўлиб ушланган эди. У 2021 йил ноябр ойида ҳибсга олинган ва Россия Федерацияси Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид