Украина қуролли кучларининг Марйинка ва Авдийивкадаги кучли истеҳкомларини эгаллаб олган Россия армияси ғарбий йўналишда ҳужум амалиётларини давом эттириб, айрим участкаларда аста-секинлик билан бўлса-да, илгарилашга эришмоқда. ОАВда шиддатли жанглар олиб борилаётган ёки тез орада жанглар бошланиши кутилаётган аҳоли яшаш манзиллари номлари тилга олнмоқда.

BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Донецк фронтидаги вазиятни таҳлил қилди.

«Украина фақат олдинга силжишни кўзлаганди»

Авдийивка эгалланганидан кейин Россиянинг «Марказ» қўшинлари гуруҳи қўмондонлиги ўз муваффақиятини ривожлантирди ва ғарб томон силжишда давом этди. Ҳозирда фронт чизиғи Бердичи — Семёновка — Орливка — Тоненке қишлоқлари чизиғи бўйлаб ўтмоқда, ушбу аҳоли яшаш манзиллари атрофидаги жангларда гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг қўли баланд келмоқда.

Бу ҳудуддан ғарброқда Покровск шаҳри жойлашган, Россия қисмларининг юриши шу шаҳар йўналишида олиб борилмоқда. Шаҳар вақти-вақти билан ўққа тутиб турилибди, 6 мартга ўтар кечаси йўлланган зарбалар оқибатида кўп қаватли ва хусусий уйлар, маъмурий бинолар шикастланган.

Покровскка қадар масофа тахминан 30 километрни ташкил этади. Ҳозирги урушда илгарилаш суръатлари ҳисобга олинган тақдирда, бу анча катта масофа саналади. Аммо фронт чизиғи ва Покровск оралиғи — деярли табиий тўсиқларсиз кенгликлар ва қалъа сифатида фойдаланиш мумкин бўлган аҳоли яшаш пунктларидан иборат. Рақиб бир ҳамлада анча ичкарилашга эришса, бундай географик жойлашув мудофааланаётган томон учун фалокатга айланиши мумкин.

Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари Бердичи — Тоненке участкасида фаоллашди. Гап қандайдир қарши ҳужум амалиёти ҳақида гап кетмаяпти — кўриниб турибдики, украинлар биринчи навбатда ўз позицияларини ушлаб туриши ҳамда янги мудофаа марраларини тайёрлаш учун вақтдан ютиши муҳим.

Авдийивкадан ғарбдаги ҳудудларнинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларини ўрганган New York Times газетаси 2 март кунги мақоласида украинларнинг истеҳкомлари «ҳайратланарли даражада кучсизлиги», хандақлар линияси — «сийрак ва ибтидоий» экани, унда рус қўшинлари ҳаракатини секинлаштириши керак бўлган қўшимча иншоотлар йўқлиги ҳақида ёзган.

«Россияликлар Украина қуролли кучларининг юришидан ярим йил олдин мудофаа чизиғини қуришни бошлаганди, Украина эса бу масала ҳақида фақат уч ой олдин қайғура бошлади, чунки улар фақат олдинга юришни кўзлашган. Бундан ташқари, маблағ ва ишчи кучи етишмаган», — дея фикр билдиради NYT муаллифлари.