Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Португалияда социалистлар парламентдаги мутлақ кўпчиликни йўқотди
Деярли барча бюллетенларни санаб чиқиш натижаларига кўра, Педро Нуну Сантушнинг социалистик партияси (СП)ни сайловчилар 28,66 фоизи қўллаб-қувватлади.
Португалияда навбатдан ташқари парламент сайловлари натижаларига кўра, 2015 йилдан буён ҳокимият тепасида турган Педро Нуну Сантушнинг социалистик партияси (СП) мутлақ кўпчиликни йўқотиб, атиги 28,66 фоиз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашини таъминлай олди. Бу натижа СПга мамлакат парламентидаги 230 ўриндан 77 тасини кафолатлайди, деб хабар берди AFP ахборот агентлиги 11 март, душанба куни.
Қайд этилишича, Нуну Сантуш аллақачон сайловлардаги мағлубиятини тан олган ва мухолифатга кетишини эълон қилган. Хабар эълон қилинган вақтда деярли барча овозлар санаб бўлинган ва 230 депутатлик ўринларидан 226 тасининг тақдири маълум эди.
Луиш Монтенегру бошчилигидаги консерватив ўнг марказчи Демократик алянс (АД) 29,49 фоиз овоз олди. Бу АДга парламентда 79 ўрин олиш ҳуқуқини беради.
Ўнг қанот популистлари натижани яхшилади
Шу билан бирга, собиқ спорт шарҳловчиси Андре Вентуранинг ўнг қанот популист «Етарли» (Chega) партияси ўз фаолиятини сезиларли даражада яхшилай олди ва уни қўллаб-қувватлаган сайловчилар сони бўйича учинчи ўринни эгаллади. Агар 2022 йилги сайловларда партиянинг натижаси 7 фоиздан сал кўпроқ бўлган бўлса, бу сафар уни 18 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган. Бу «Етарли» партиясини парламентда камида 48 ўрин билан таъминлайди.
Мутахассислар коалицион ҳукумат тузиш осон бўлмаслигини кутмоқда, чунки йирик партиялар ўнг қанот популистлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини истисно этмоқда. Сайлов ғолиби кичикроқ партиялар билан коалиция тузиш бўйича музокаралар олиб бориши керак бўлади. Айрим кузатувчилар шу фонда янги парламент сайловларини ўтказиш зарурлигини билдиряпти.
Португалияда муддатидан олдин сайловлар
2023 йил ноябр ойи бошида, коррупция можароси фонида бош вазир Антониу Кошта истеъфога чиққанидан икки кун ўтиб, Португалия президенти Марселу Ребелу ди Соуза парламентни тарқатиб юборди ва муддатидан олдин сайловларни 2024 йил 10 мартга тайинлади.
2015 йилда Португалия бош вазири лавозимини эгаллаган Антониу Кошта 7 ноябр куни «ҳозирги шароитда» истеъфога чиқиши ҳақида республика президентига ариза берганини эълон қилди. Бу баёнот унинг қароргоҳида, шунингдек, бир қатор давлат муассасаларида ўтказилган тинтувлардан бир неча соат ўтгач айтилган. Операция натижасида Кошта маъмурияти раҳбари Витор Эшкариа, Синиш шаҳри мэри, бир қанча тадбиркорлар ва бошқалар қўлга олинди.
Прокурорлар тинтувларга ноқонуний фаолият, жумладан, Португалиянинг Испания билан чегараси яқинидаги Монталегре минтақасида литий қазиб олиш, шунингдек, Синиш шаҳри яқинида «яшил водород» ишлаб чиқариш бўйича концессиялардан фойда олиш ва порахўрлик гумони сабаб бўлганини маълум қилди.
Мавзуга оид
20:28 / 19.05.2026
Роналду Португалия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатига боради
21:51 / 11.05.2026
Атиги бир неча қадам – Португалия ва Испания ўртасида дунёдаги энг кичик халқаро кўприк бор
11:45 / 09.02.2026
Социалист Сегуру Португалия президенти этиб сайланди
09:50 / 19.01.2026