“Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда Жиззахда ишлаб чиқаришни ташкил этаётган BYD компанияси ўз электромобилларининг Ўзбекистонга “тартибсиз импорти”ни чеклаш бўйича ҳукуматга мурожаат билан чиққан.

Компания буни Ўзбекистонга олиб кирилаётган моделлари “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга эмаслиги” билан изоҳлаган. Бу маълумот 18 март куни имзоланган президент қарорида келтириб ўтилган.

Қарор билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖга 2024 йил 1 июлга қадар BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича BYD'нинг талабини амалга оширишга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Таклифларни тайёрлашда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиқилиши белгиланди.

Ҳужжатда таъкидланишича, “Ўзавтосаноат” АЖ ва BYD Europe B.V. (Нидерландия) компаниялари “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ қўшма корхонасини 2022 йил 29 декабрда таъсис этган. Қўшма корхона 2023 йил 23 январда рўйхатдан ўтказилган, унинг 60 фоиз улуши “Ўзавтосаноат” АЖга, 40 фоизи BYD Europe B.V. компаниясига тегишли.

2023 йил 26 сентябр куни Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва BYD Europe B.V. ўртасида “Ўзбекистон Республикасида электромобил ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномаси имзоланган.

2024 йил 18 март кунги президент қарори билан, ушбу шартнома тасдиқланди. Қарорда ёзилишича, шартномага мувофиқ BYD Europe B.V. (инвестор) ва қўшма корхона ўз зиммасига қуйидагича мажбуриятлар олган:

  • инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида умумий қиймати 160 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни, шу жумладан 60 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш;
  • инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичида (2024 йил давомида) ишлаб чиқариш қувватини майда узелли йиғиш (CKD) усулида 50 минг дона электромобиль ва гибрид автомобилга етказиш;