Тайинланганда (2022 йил, куз) Бундеслигада 8 турдан кейин бирорта ҳам ғалаба қозона олмай 17-ўринда бўлган «Байер»ни қабул қилиб олгач, трансферларга сезиларли пул сарфламай (4 футболчи келди, 4 футболчи кетди, салбий фарқ атиги 20 миллион евро) бир ярим йил ичида мамлакат чемпионига айлантирди, мавсумнинг мағлубиятсиз серияси бўйича Германия рекордини ўрнатди, Европа Лигаси чоракфиналида «Вест Ҳэм» билан сафарда дуранг ўйнаб (1:1), кейинги босқичга чиққач, барча мусобақаларда ютқазмаслик бўйича ҳам рекорд янгиланди. Бу перформансга бирор мураббий ушбу мавсумда яқинлашиши имконсиз.

Энг аҳамиятлиси, Ҳаби Алонсонинг ўзи ҳам келаси мавсумда ушбу даражани такрорлаши ўта қийин ва айнан мана шу нуқтайи назардан қарасак, Ҳаби Алонсо яна бир йил «Байер»да қолишга қарор қилиши бироз тушунарсиз туюлади.

Келинг, вазиятда Алонсо томонидан туриб қараб кўрамиз. «Байер»га ҳурмат сақлаган ҳолда тан олиш керакки, клуб том маънода тушуниладиган топ-клуб эмас. Ушбу мавсумдаги муваффақиятлар барибир Чемпионлар Лигасида ёки трансферлар бозорида жамоани фаворитга айлантириб қўймайди, топ-клублар қаторига қўшмайди. Агар Алонсо учун кейинги қадам ҳақиқатан ҳам катта жамоа мураббийига айланиш бўлса, бу қадам учун энг оптимал палла айнан ҳозир эмасмиди?

Биринчидан. Айни пайтда бир қатор топ-клублар мураббийсиз қолмоқда ва агар Алонсо «Байер»дан кетишини эълон қилганида, уларнинг ҳар бири испаниялик мутахассис учун навбатда туришга тайёр бўларди. «Бавария», «Барселона» ва «Ливерпул» мураббийлари ёзда клубни тарк этишини расман эълон қилган. Бу рўйхатга «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» ҳам қўшилиши мумкин.

«МЮ» ва «Барселона»ни Алонсонинг футболчилик фаолиятидан келиб чиқиб, қўшмасак ҳам, руйхатда мураббийга яқин бўлган камида икки клуб бор. «Ливерпул» ва «Бавария» Алонсони янги мураббий сифатида кўриб чиқди, ҳатто маълум даражада музокараларга киришди ҳам. Фақат унинг нияти маълум бўлгач, бошқа номзодларга юзланишди. Қисқа қилиб айтганда, келишув учун Ҳабининг розилиги етарли эди.

Табиийки, тилга олинган клубларда ёзда ўзгаришлар бўлади ва янги мураббийлар тайинланади. Демак, келаси шу пайтда ҳар бир топ-клубга Алонсо керак бўлишини тахмин қилиш қийин. Ҳар ҳолда ҳозиргидек даражада бўлмайди. Ҳабининг танлов доираси торайишини тахмин қилиш мумкин.

Иккинчидан. Юқорида айтилганидек, агар натижага қаралса, Ҳаби Алонсо мураббийлик фаолиятидаги чўққида турибди. Албатта, ҳаммаси олдинда, аммо савол туғилади, «Байер»даги яна бир мавсумда кўрсатилаётган даражани такрорлаш мумкинми?

Кўриб чиқамиз. «Байер» Бундеслигада чемпион, катта эҳтимол Германия кубогини (финал қуйи лига вакили «Кайзерлаутерн» билан) қўлга киритади. «Ливерпул» чиқиб кетганидан сўнг Европа Лигасида ҳам «Байер» яққол фаворит бўлиб қолди. Демак, леверкузенликларда ўзига хос требл қилиш имконияти бор. Бир йилда учта соврин. Қизиғи, «Байер» аввалги 120 йиллик тарихида жами учта соврин ютган, холос.