2019 йил январида Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировга «ошқозон ости бези некрози» ташхиси қўйилган. Бу ҳақда «Новая газета Европа» материалида айтилади. Нашр маълумотига кўра, Қодиров панкреонекроз ривожланган — бу касалликда ошқозон ости безининг бир қисми қурийди.

«Новая газета Европа» бу маълумотни қаердан қўлга киритганига аниқлик киритмаган. Бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ, чечен ҳукумати бу хабарга муносабат билдирмаган. 

Нашрга кўра, 2019 йилдан бери Қодиров бир йилда камида икки бор Москвадаги президент ишлари бошқармаси тасарруфидаги Марказий клиник шифохонада «мунтазам равишда, жумладан жарроҳлик» муолажаларини олади. Ўша йил февралида Қодиров республика бошқарувини бош вазир Муслим Хучиевга топшириб, ўзи гриппга чалинганини айтганди. Шу билан бирга, икки кун давомида ўзига капелница қўйилганини билдирганди. 2020 йил январида Қодиров «вақтинча ишлай олмаслиги» туфайли яна Чеченистон раҳбари ваколатларини вақтинча топширади.

«Новая»нинг тасдиқлашича, 2020 йил ёзида коронавирус билан касалланган Қодиров «эндокрин тизими билан боғлиқ жиддий муаммолар <…> туфайли зўриқиб қолади». 

Материалда айтилишича, 2022 йил баҳорида Чеченистон раҳбарининг саломатлиги «кескин ёмонлашиб боради». Натижада, деб ёзади нашр, буйрак етишмовчилиги ва ўпкада сув туриб қолиши Қодировда нафас қисишини юзага келтиради, у «гапиришга қийналадиган, имиллаб юрадиган ва чечен иқлими учун жуда иссиқ кийинадиган» бўлиб қолади.

2023 йил сентябр ойи ўрталарида телеграм-каналларда (хусусан, мухолифатдаги чечен телеграм-канали NIYSO’да) Қодировнинг соғлиги ёмонлашгани ва у гўёки «комага тушиб қолгани» тўғрисида хабарлар тарқалади. Хабарларда Чеченистон раҳбари Марказий клиник шифохонага ётқизилгани айтилган. «Новая газета Европа»нинг шифохонадаги манбаси тасдиқлашича, Қодиров бу ерга «„Дормикум“ транквилизатори меъёридан ортиқ қабул қилиниши оқибатида пайдо бўлган» ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келинган. Бу препарат «жарроҳлик амалиётидан олдин беморларни тинчлантириш учун» қўлланади, чунки фаол модда (мидазолам) «тинчлантирувчи ва ухлатувчи таъсирга эга». «Новая» маълумотига кўра, препарат гўёки кучли оғриқ, уйқусизлик ва жонсаракликдан азият чеккан Қодиров учун «самарали дори»бўлиб чиққан. Препаратни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш нафас олишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Нашр манбаси сўзларига кўра, Қодиров шундай ҳолатда Марказий клиник шифохонага ётқизилган. Чеченистон раҳбари сунъий нафас олдириш аппаратига уланган, тиббий кома ҳолатига туширилган.