Киев мэри Виталий Кличко 24 сентябрга ўтар кечаси Telegram орқали ҳужум оқибатлари ҳақида маълумот берди, деб ёзмоқда DW.
Унинг билдиришича, Дарница туманида ракета парчаси йўлнинг қатнов қисмига тушган. Соломенка ва Подол туманларида эса парчалар нотурар бинолар жойлашган ҳудудларга келиб тушган.
Днепр туманида ракета парчалари 16 қаватли турар жой ва хусусий уй ҳовлисига, шунингдек, маъмурий бинога тушган. Хусусий ҳовлилар ҳам зарар кўрган, уйлардан бирида вайронагарчилик қайд этилган.
Туғуруқхона яқинида автомобиллар ёнди
Кличконинг маълум қилишича, Подол туманида ракета парчалари туғуруқхона ёнидаги автотураргоҳга тушиб, автомобиллар ёнишига сабаб бўлган. Тиббиёт муассасаси деразалари ва бино фасадининг бир қисми шикастланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, туғуруқхонада ҳеч ким жабрланмаган. Бироқ яқин атрофдаги клиник-диагностика марказига ҳам зарар етган.
Украинанинг Insider UA Telegram канали хабарига кўра, 35 дақиқа ичида Киев томон турли русумдаги қарийб 20 та ракета учирилган. Канал ҳужумнинг асосий нишони электр энергетикаси объектлари бўлганини билдирган.
Одессада ҳам бинолар зарар кўрди
Россия кучлари Одессага ҳам ҳужум қилган. Бу ҳақда шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак Telegram каналида хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида тиббиёт ва таълим муассасалари, шунингдек, турар жойлар шикастланган.
«Барча тегишли хизматлар ҳодиса жойларида ишламоқда. Одамларга ёрдам кўрсатиш учун тезкор штаблар ташкил этилмоқда», — деб ёзган Лисак.

















