Асел Сатенова – EWI маркетинг бўйича директори берган интервюсида Ўзбекистонда снеклар бозори қандай ривожланиб бораётгани ва нима учун инновациялар – янги аудиторияни жалб қилишда асосий омил бўлиб ҳисобланиши ҳақида гапириб берди.
- EWI компаниясининг экспертизаси нимада?
- EWI компанияси Ўзбекистонда газак (снек) маҳсулотлари, хусусан, чипс ишлаб чиқаришни бошлаган биринчи корхоналардан бири бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистонда тузли снекларни ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания ҳисобланади. Миллионлаб одамлар бизнинг маҳсулотларимиз билан таниш, биз ўзимизнинг Cheers бренди остида картошка чипларини ишлаб чиқарамиз. Бу маҳсулот нафақат Ўзбекистон бозорида, балки қўшни бозорларга ҳам экспорт қилинмоқда. МДҲ мамлакатлари ҳудудида бренд Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда тақдим этилган. Бу йил биз ўз қаторимизни янги маҳсулот – Nachos Cheers subbrend билан кенгайтирмоқдамиз.

- Номидан ташқари маҳсулот ҳозирги чипслар брендидан нима билан фарқ қилади?
- Биз маккажўхоридан тайёрланган снекларнинг кўпайиб бораётганини кузатмоқдамиз. Янги маҳсулот учта таъмга эга бўлади - пишлоқ, махсус начос пишлоқ ва дудланган колбаса
- Янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш жараёнларидаги асосий босқичларни қандай ажратган бўлардингиз?
- Биз авваломбор, Ўзбекистондаги истеъмолчиларимизни ўрганамиз, уларнинг хоҳиш-истаклари, истеъмол қилиш ҳолатлари, нимани ёқтиришини ва нимани ёқтирмаслигини билиб оламиз. Шунингдек, биз чипслар ишлаб чиқариш тоифаси бўйича халқаро тажрибага эгамиз, бу тажрибага Ўзбекистондан ташқаридаги глобал тенденцияларни ва бошқа бозорларни ўрганиш орқали эришамиз. Мисол учун, АҚШ ва Европада чипс истеъмоли ва уларнинг хилма-хиллиги Ўзбекистонникига қараганда бир неча баробар кенгроқ, демак, бу бозорлардан ўрганиш учун кўп нарса бор. Маҳаллий бозор учун маккажўхори снекларини ишлаб чиқариш мақсадида корхонамиз ишлаб чиқариш қувватини икки баробарга оширди
- Бугунги кунда ишлаб чиқаришингиз қандай ускуналарда амалга оширилмоқда?
- Жараёнларнинг сифати ва оптималлаштирилиши биз учун муҳим, шунинг учун ускуналарга сармоя киритиш мунтазам равишда давом этмоқда. Ҳамкорларимиз қаторига АҚШнинг Reading Bakery System компаниясидан чипс ишлаб чиқариш линияси, Япониянинг Ишида компаниясидан қадоқлаш линияси, CEPI компаниясидан Италиянинг хомашё етказиб бериш тизими ва бошқалар киради.













