Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6017-сон фармонига асосан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш жараёнларига кўмаклашиш, ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар соҳасидаги халқаро рейтингларда мамлакатимиз мавқейини ошириш бўйича зарур чоралар кўриш, хорижда таълим олаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси бошчилигидаги Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил қилинган “MUSIAD инвестициялар форуми” да иштирок этди.

Шунингдек “MUSIAD инвестиция форуми”да 300 дан ортиқ туркий тилли давлатлар етакчи тадбиркорлари, инноваторлар, йирик инвесторлар, ёш тадбиркорлар ва бошқа йирик компаниялар вакиллари, туркий тилли давлатлар давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Форум доирасида дунёда ривожланаётган тенденциялар, янгича имкониятлар ва глобал миқёсдаги муаммолар бўйича маслаҳатлашувлар, давлатлар ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициялар, стартаплар ва замонавий ишлаб чиқариш йўналишларида семинарлар ташкил қилинди,  тадбиркорлар ўртасида юзма-юз учрашувлар ўтказилди.