Ллойд Остин: Россия ҳарбийларининг Нигерда АҚШ техникасидан фойдаланиш имкони йўқ
Вашингтон Нигердаги вазиятни кузатишда давом этмоқда, у ерда россияликлар АҚШ ҳарбийлари жойлашган авиабазага кирган, деди Пентагон раҳбари Ҳавайидаги матбуот анжуманида.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Нигердаги Америка авиабазасида Россия қўшинлари борлигини тасдиқлади. Шу билан бирга, у 3 май, жума куни эрталаб Ҳавайи пойтахти Гонолулу шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтганидек, россиялик ҳарбий хизматчилар «алоҳида бинода» ва улар АҚШ қўшинлари ва ҳарбий жиҳозларидан узоқроқда жойлашган.
«Менинг эътиборим ҳар доим қўшинларимиз хавфсизлиги ва ҳимоясига қаратилган, - деди Пентагон раҳбари. - Аммо ҳозирда мен кучларимизни ҳимоя қилишда жиддий муаммо кўрмаяпман».
Россия Қуролли кучлари Нигердаги ҳаво базасига киргани ҳақидаги хабарлар
Бир неча соат олдин Reuters америкалик юқори мартабали мулозимга таяниб, россиялик ҳарбийлар Нигер пойтахти Ниамей чеккасидаги Амани Диори халқаро аэропорти яқинида жойлашган 101-ҳаво базасига кирганини хабар қилган эди. Худди шу маълумот Американинг CNN телеканали томонидан тарқатилди.
Аввалроқ Нигердаги ҳарбий хунта мамлакатда жойлашган 1000 га яқин америкалик ҳарбий Нигерни тарк этиши кераклигини маълум қилган эди. Вашингтон бунга рози бўлди. The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ контингенти Ғарбий Африка мамлакатини «яқин ойларда» тарк этиши мумкин.
Reuters ёзганидек, Россия Қуролли кучларининг ҳаракатлари «Америка ва Россия ҳарбий хизматчилари Украина можароси туфайли мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий ва дипломатик рақобат кучайиб бораётган бир пайтда бир-бирига яқин масофада бўлишига тўғри келяпти».
Австралия, Япония ва Филиппин Мудофаа вазирликлари вакиллари ҳам сўзга чиққан Гонолулудаги матбуот анжуманида Ллойд Остин таъкидлаганидек, Вашингтон Нигердаги вазият ривожини диққат билан кузатишда давом этмоқда.
Нигерда ҳарбий хунтанинг ҳокимиятга келиши ва Россия билан яқинлашув
2023 йилда Нигерда ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллаб олди. Москва алоқадорликда гумон қилинаётган давлат тўнтаришидан олдин Нигер АҚШ, Франция ва Германия каби Ғарб давлатларининг Ғарбий ва Марказий Африкадаги жангариларга қарши курашдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлган. Кўп йиллар давомида мамлакат ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқадор турли гуруҳлар ҳужумига учраган.
2023 йил январ ойида Нигер Мали ва Буркина-Фасо билан биргаликда Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти - ЭКОВАС минтақавий алянсидан чиқди, унинг асосий мақсади Ғарбий Африкада минтақавий хавфсизликни таъминлаш эди. Шундан сўнг, Нигер ҳукумати АҚШ ва Франция билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатаётганини расман эълон қилди, шунингдек, ўз ҳарбий харажатлари энди назорат қилинмайдиган фармон чиқарди.
Мавзуга оид
14:07 / 03.12.2024
Ллойд Остин ва Рустем Умеров Киевга кейинги ёрдамни муҳокама қилди
11:30 / 17.09.2024
Пентагон Нигердан АҚШ кучларини олиб чиқишни якунлади
09:20 / 07.09.2024
Остин: Украина АҚШ қуролларисиз ҳам Россия ичкарисига зарба беришга қодир
14:55 / 12.08.2024