Жаҳон | 09:56 / 20.05.2024
7390
4 дақиқада ўқилади

Исроилда вазир Ганц бош вазирга ултиматум қўйди

Бени Ганц, агар бош вазир Бинямин Нетаняҳу 8 июнгача Ғазо сектори бўйича режани тақдим этмаса, истеъфога чиқиш билан таҳдид қилди. Ганцнинг таклифлари орасида гаровга олинганларни қайтариш ва ҲАМАСни ағдариш бор.

Бени Ганц Фото: Abir Sultan/Pool/AP/picture alliance

Исроил мудофаа вазири Бени Ганц, агар бош вазир Бинямин Нетаняҳу 8 июнгача Ғазо секторида ҳаракат режасини тақдим этмаса, истеъфога чиқиши билан таҳдид қилди. Сиёсатчи бу ултиматумни 19 май, якшанба куни қўйди. «Исроил аскарлари фронтда ақлбовар қилмайдиган жасорат кўрсатар экан, уларни жангга жўнатган баъзи одамлар қўрқоқлик ва масъулиятсизлик билан ҳаракат қилишмоқда», — дея Ганц сўзларини келтиради The Times of Israel.

Вазирлар маҳкамаси олтита стратегик мақсадга эришиш учун шунга ўхшаш режани ишлаб чиқиши керак, дея тушунтирди Ганц. Улар орасида - ҲАМАС ҳаракати томонидан гаровга олинганларни озод қилиш, Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятини ағдариш, уни демилитаризация қилиш ва Исроил хавфсизлик назоратини ўрнатиш, бу минтақада АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда араб давлатлари ва фаластинликлар иштирокида «фуқаролик бошқаруви учун халқаро механизм» яратиш.

Бундан ташқари, 1 сентябргача Исроил шимоли аҳолисини ўз уйларига қайтариш, Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштиришга интилиш, аҳолининг барча тоифаларига тааллуқли ҳарбий ёки миллий хизмат тузилмасини ривожлантириш зарур, дея таъкидлади Ганц. Олти босқичли режа «осон бўлмайди», деди у. Бироқ, бундай ғоя амалга ошиши мумкин, дея қўшимча қилди сиёсатчи араб ва дунё етакчилари билан суҳбатларини келтириб. 

Бош вазир танқиди

Нетаняҳу вазирнинг позициясини танқид қилди. Бундай талаблар Исроилнинг мағлуб бўлишини, Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятни сақлаб қолишини ва Фаластин давлатини яратишни англатади, дейилади бош вазир идораси тарқатган баёнотда. Ганц «ҲАМАСга ултиматум қўйиш ўрнига бош вазирга ултиматум тақдим этишга» қарор қилди, деди Нетаняҳу. 

Бени Ганц 2020 йилдан 2022 йилгача Исроил мудофаа вазири лавозимида ишлаган. Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси етакчилигидаги коалиция ғалаба қозонган сайлов натижаларидан кейин у мухолифат сафига қўшилди. Бир неча ой олдин ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг Ганц Нетаняҳу ҳукуматини қўллаб-қувватлади ва ҳарбий кабинетга портфелсиз вазир сифатида кирди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид