Исроилдаги сайловларни кузатиш нима учун муҳим? Яқин Шарқ – дунё геосиёсати, энергетик хавфсизлиги, дунёдаги йирик динлар ва цивилизацияларнинг тарихий маркази. Шунинг учун Исроил жойлашган Яқин Шарқни кузатиш, таҳлил қилиш ниҳоятда муҳим. Қолаверса, Исроил – уникал давлат. АҚШ энг йирик иқтисодиёт ва ҳарбий қудрат бўлар экан, Исроил ва унинг лоббиси АҚШ ички ва ташқи сиёсатига, энг катта таъсир қила оладиган давлат ҳисобланади.

Исроилдаги бу сафарги сайловлар бир қанча сенсациялар олиб келди. Биринчидан, ҳокимият учун курашган икки сиёсий блокдан биронтаси керакли кўпчиликни, 60 ўриндан зиёдроқ депутатлик жойларини эгаллай олмади. Иккинчи муҳим янгилик – Исроил тарихида биринчи марта ушбу давлатнинг араб аҳолиси жуда фаол бўлди ва араб партиялари Кнессетда 17-19 тагача ўрин олиши мумкинлиги аён бўлди.

Демак, Исроил аҳолиси тахминан 11 миллион атрофида бўлса, унинг 21 фоиз аҳолиси, яъни тахминан 2,1 миллиони – этник араблар ҳисобланади. Бу араблар Исроил фуқаролигига эга, демакки, овоз бериш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Бироқ Исроилда араб аҳолисига муносабат оддий эмас. Мамлакат ҳокимияти ўзининг араб аҳолисини “иккинчи навли” одамлар сифатида кўради, уларни ҳарбий хизматга чақирмайди, бошқарувга яқинлаштирмайди, электорал фаоллик сиёсий таъсирга айланишини чеклашга уринади.

Мана, энди Исроилда ҳукуматни шакллантириш учун иккита сиёсий блок, алянс курашмоқда. Бири – бош вазир Нетаняҳу коалицияси. Иккинчиси – собиқ бош қўмондон, бош ҳарбий штаб бошлиғи, генерал Айзинкот блоки. Нетаняҳу блоки жами бўлиб 54 депутатлик мандатини қўлга киритди. Бироқ ҳукуматни шакллантириш учун Нетаняҳуга 7 депутат етишмайди. Айзинкот коалицияси эса жами 48 ўрин эгаллади. Ҳукумат шакллантириш ва вазирлар маҳкамасидаги портфелларни бўлиб олиши учун уларга камида 13 депутатлик овози етишмаяпти.

Бу сайловлар марказида Нетаняҳу шахсияти турибди. Ушбу сайловда Исроил аҳолиси битта тамойил асосида бўлинди – Нетаняҳу тарафдори ёки Нетаняҳуга қаршилик. Бошқа масалалар Нетаняҳу шахсияти каби муҳим ва фундаментал эмас. Айтиш керакки, Нетаняҳу Исроил тарихида энг узоқ муддат, энг кўп марта бош вазир бўлган сиёсатчи ҳисобланади. У 1996 йилдан бери бир неча марта бош вазир креслосини эгаллаган сиёсатчи. Шунинг учун айнан Нетаняҳу Исроил элитасида энг ёмон кўриладиган шахс ҳисобланади, лекин Исроил жамиятида ҳали ҳам унинг тарафдорлари кам эмас. Агар ўтган сафарги, 2022 йилдаги парламент сайловлари билан қиёсласак, Нетаняҳу блоки анча ўрин йўқотди: улар 2022 йилда 64 ўринни эгаллаб, бемалол ҳукумат тузган эди. Бу сафар 11 ўрин паст овоз олишди (якуний натижалар ҳали маълум эмас).

Бироқ унга мухолифатда бўлган Айзинкот блоки ҳам етарлича овоз ололмади. Шунда энди Исроил ҳукумати тақдирини 19 та депутатлик ўрин олган араб партиялари ҳал қиладими? Бунинг эҳтимоли у қадар юқори эмас. Асосий сабаб – Исроилдаги сиёсий ўйин қоидаси, сиёсий мафкура.