Kun.uz’да Фарғона вилоятининг Боғдод туманида одамларга сотилган янги уй-жойлар қурувчининг қарздорлиги учун хатлангани, хонадонларга кўчиб кирган ва бошқа турар жойга эга бўлмаган 46 оила ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда кўчада қолиш арафасида экани ҳақида суриштирув эълон қилинганди. АТБ Универсал банк мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Банкнинг маълум қилишича, “Saddinso-Xabibullo” хусусий корхонасининг мол-мулклари аукцион савдоларига банк томонидан эмас, суд бошқарувчиси томонидан чиқарилган.

“АТБ Универсал банк Амалиёт бошқармаси ҳамда қарздор “Saddinso-Xabibullo” хусусий корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан ажратилган кредит таъминоти сифатида хусусий корхонасига тегишли бўлган Фарғона вилояти Бағдод тумани “Мурувват” МФЙ Ёш авлод кўчасида жойлашган 5 қаватли турар жой комплекслари 42- ва 46-уйларининг ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан биргаликда ипотека шартномаси тақдим этилган.

Бугунги кун ҳолатига корхонанинг банкдан жами қарздорлиги 745,18 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 21 август кунги ҳал қилув қарорига асосан “Saddinso-Xabibullo” хусусий корхонаси тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиниб, тугатишга доир иш юритуви қарздорнинг фаолиятини тўхтатмасдан амалга ошириш бошланган, суд тугатиш бошқарувчиси этиб 1-тоифали суд бошқарувчиси Ҳ.Тешабоев тайинланган. “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг 141-моддасига асосан тугатишга доир ишлар бошланган вақтдан бошлаб, корхона раҳбари ваколатлари бекор бўлиши ва барча ваколатлар тугатиш бошқарувчисига ўтиши белгиланган.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддаси талабига кўра, корхонага нисбатан тугатишга доир ишлар бошланган вақтдан барча ундирув ишлари ҳам суд тугатиш бошкарувчисига ўтиши кўрсатилган.

Шунингдек, “Saddinso-Xabibullo” xусусий корхонасига тегишли мол-мулклар www.e-auksion.uz савдо майдончасида сотиш учун АТБ Универсал банк томонидан чиқарилмаган, аксинча суд бошқарувчиси томонидан хусусий корхона кредиторлари олдидаги 23,9 млрд сўм қарздорлигини қоплаш мақсадида амалга оширилган.

Банк томонидан эса Фарғона вилояти Бағдод тумани “Мурувват” МФЙ Ёш авлод кўчасида жойлашган 5 қаватли турар жой комплексларининг 42- ва 46-уйларидаги хонадонларни аукцион савдоларида сотиш ёки хонадон эгаларига нисбатан уй-жойдан мажбурий тартибда кўчиришга қаратилган ҳеч қандай хатти-ҳаракат содир этилмаган. У ерда яшовчи фуқароларга нисбатан хонадонларни бўшатиш тўғрисида талаб билдирилмаган.