Франциянинг олий конституциявий органи мамлакат парламенти томонидан июль ойида қабул қилинган ва президент Эммануэл Макрон сентябрдаёқ кучга киритишга ваъда берган – 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқловчи қонунни Конституцияга зид деб топди.

Конституциявий кенгаш янги қонун 15 ёшгача бўлган болаларнинг сўз ва мулоқот эркинлигини чеклашга олиб келади ва бу чеклов «на ўринли, на зарурий, на мутаносиб» деган хулосага келди.

AFP агентлигининг хабар беришича, Елисей саройи Конституциявий кенгаш қарорига жавобан, президент Макрон бош вазир Себастян Лекорнюга имкон қадар тезроқ янги, «ҳуқуқий жиҳатдан пухта» қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганини маълум қилган.

Конституциявий кенгаш анъанавий маънодаги суд эмас. Унинг таркибига лавозими бўйича Франциянинг собиқ президентлари киради, қолган аъзолар эса республика президенти ва парламент палаталари раислари томонидан тайинланади. Кенгаш қонун ҳужжатларининг Франция Конституциясига мувофиқлигини баҳолайди ва унинг қарорлари қатъий ҳисобланади.

Макрон маъмурияти президент ҳали ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ жорий этиш ниятида қатъий эканига ишонтирди.

Июль ойида Сенат ва Миллий ассамблея томонидан қабул қилинган қонунга кўра, келаси йилнинг январь ойидан 15 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши керак эди. Аксарият оммабоп ижтимоий тармоқлар 13 ёшдан рўйхатдан ўтишга рухсат беради, бироқ вояга етмаган фойдаланувчилар учун мулоқот, алоқа ўрнатиш ва улар кўрадиган контент борасида қўшимча чекловлар мавжуд.

Сентябрь ойиданоқ янги аккаунт яратишда ёшни тасдиқлаш талаб этиларди, январдан бошлаб эса Франциянинг ҳар бир фуқароси ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун 15 ёшдан ошганини тасдиқлаши шарт бўларди.

Ёшни текширишни платформаларнинг ўзи – шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Франция назорат органи томонидан маъқулланган воситалар ёрдамида амалга ошириши лозим эди.

Бундай чораларнинг зарурлиги ҳақида кўплаб мамлакатларда, жумладан, Буюк Британияда ҳам гап бораётган бўлса-да, ҳозирча тегишли қонун фақат Австралияда қабул қилиниб, кучга кирган. Кўпгина экспертлар бу қонун ишламаяпти, аксарият ўсмирлар эса ҳамон ижтимоий тармоқлардан бемалол фойдаланмоқда, деб ҳисоблайди.