Икки партия вакилларидан иборат АҚШнинг 29 та штати Meta устидан судга даъво аризаси киритган. 2023 йилда бошланган суд жараёнларида даъвогарлар эҳтимолий ўнлаб миллиард доллар миқдорида жарима ундиришни ҳамда Meta’нинг бизнес юритиш услубини ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Даъвогарлар ким ва улар нима хоҳлайди?

Калифорния, Колорадо, Кентукки ва Ню-Жерси каби 4 етакчи штат вакиллари Meta компаниясини – «ёш фойдаланувчиларни ўзига жалб қилиш учун Facebook ва Instagramʼни атайлаб шундай лойиҳалашда, уларда ташвиш, депрессия ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини кучайтиришда» айбламоқда. Шунингдек, айбловлар қаторида «платформалар хавфсизлиги борасида истеъмолчиларни чалғитиш» ҳам бор. Барча 29 та штат расмийлари эса Meta’ни «болаларнинг шахсий маълумотларини нотўғри тўплаш ва улардан фойдаланиш орқали федерал қонунларни бузганликда» айбламоқда.

18 август куни Калифорния штатининг Окленд шаҳридаги федерал судда дастлабки эшитувлар бошланди. Reuters’нинг ёзишича, экспертлар ушбу жараённи ижтимоий тармоқларнинг ёш фойдаланувчиларга таъсири бўйича шу пайтгача бўлган энг йирик ҳуқуқий синов деб атамоқда.

Асосий даъвогар штатлар Meta’дан Facebook ва Instagramʼни тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда. Жумладан:

  • лайклар сонини кўрсатишни бекор қилиш;
  • янги постларни кўришга ундайдиган чексиз варақлаш (infinite scroll) функциясини олиб ташлаш;
  • ёш фойдаланувчилар учун вақт чекловларини ўрнатиш;
  • 13 ёшгача бўлган болаларни тармоққа кирмаслигини таъминлаш учун чекловлар жорий этиш талаб қилинмоқда.
2026-08-19 19.02.16

АҚШ Федерал қонунчилигига кўра, федерал суд залларидан радиоэшиттириш бериш ёки фото/видео тасвирга олиш тақиқланади. Бу судланувчилар, гувоҳлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг шахсий хавфсизлиги ҳамда дахлсизлигини ҳимоя қилиш учун кўзда тутилган. Шу боис, Meta компаниясига қарши ўтказилган маҳкамада ҳам фотосуратлар ўрнига чизилган расмлардан — суд эскизларидан фойдаланилмоқда.