Америкалик олимлар 12 ёшига келиб смартфонли бўлган болалар овқатланишда бузилишларга кўпроқ дуч келишини аниқлади. Тадқиқот натижалари JAMA Network Open журналида чоп этилди.

Гаджетларнинг таъсирини баҳолаш учун муаллифлар америкалик мактаб ўқувчиларининг когнитив ривожланишига оид кенг кўламли лойиҳа маълумотларини таҳлил қилди.

Маълум бўлишича, иштирокчиларнинг 70 фоизи — 6200 нафардан ортиқ ўсмир — 12 ёшидаёқ смартфонга эга бўлган. Улар орасида энг кўп учрайдиган симптом меъёрдан ортиқ овқатланиш бўлди (9%). 14 ёшга келиб, смартфон эгаларининг қарийб 24 фоизи, бу ёшда телефони бўлмаганларнинг эса 16 фоизи ҳеч бўлмаганда битта симптом борлигини маълум қилган.

Тадқиқотчилар бунинг асосий сабаби сифатида ижтимоий тармоқларни кўрсатмоқда. 12 ёшли гаджет эгалари ўз-ўзини баҳолашни тана вазнига икки баравар кўпроқ боғлаган ва орттирилган вазнни спорт ёки атайлаб қусиш каби зарарли усуллар билан йўқотишга 50 фоиз кўпроқ ҳаракат қилишган.

«Ўзингизни расмлари синчковлик билан танланадиган, таҳрирланадиган ва филтрлардан ўтказиладиган инфлюенсерлар билан таққослаганингизда, бу ўз танангиздан қониқмасликнинг ортишига ва ўз-ўзингизга паст баҳо беришга олиб келиши мумкин, бу эса овқатланиш бузилишларининг ривожланишида хавф омилига айланиши мумкин», — деди тадқиқот муаллифи Жейсон Нагата.

Гарчи аввалроқ экран қаршисидаги ҳар бир қўшимча соат ўсмирлар учун хавфларни ошириши ҳақида хабар берилган бўлса-да, ушбу тадқиқот айнан қурилманинг қайси ёшда пайдо бўлиши жиддий аҳамиятга эга эканини аниқлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳатто кичик танаффус ҳам боланинг руҳиятини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Тадқиқотда иштирок этмаган Шимолий Каролина университети (АҚШ) психология ва нейробиология профессори Митч Принштейн CNN телеканалига берган интервьюсида телефон сотиб олишни ҳеч бўлмаганда ярим йил ёки бир йилга кечиктириш ҳам хавфларни камайтириши мумкинлигини таъкидлади.