Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Туркия етакчиси ва халқига кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги йиғилиш муборак Қурбон ҳайити арафасида ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилаётганини таъкидлади.

– Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар жадал ривожланмоқда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик фаоллашмоқда.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.

Яқин келажакда икки томонлама савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Бугун Ўзбекистонда Cengiz Holding, Aksa Energy, Çalık Holding, Akay Inşaat, Anadolu Group, Özgüven, Eczacıbaşı Holding каби етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу галги ташриф доирасида 10 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.

Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратилди.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши икки мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, шу жумладан, Ўрта коридор имкониятларидан самарали фойдаланишдир.