Ўзбекистон | 17:18 / 08.06.2024
5951
3 дақиқада ўқилади

Ўзаро қўллов, унутилган муаммолар ва Ғазо бўйича бирдамлик – Туркия ташрифи ҳақида эксперт нима дейди?

Шавкат Мирзиёевнинг Туркия сафари, олий даражадаги музокаралар икки давлат медиасида қизғин муҳокамада. Ташрифнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири Туркия олий давлат мукофотининг Ўзбекистон президентига берилиши ҳамдир. Шунингдек, расмий Анқара ва Тошкент ўзаро сиёсий яқинлигини янада мустаҳкамламоқчи. Икки давлат позициялари деярли бир хил экани ҳам урғуланган. Сафарнинг аҳамияти, кутилмалар ҳақида Kun.uz Анқара Ҳожи Байрам Валий университети докторанти, сиёсатшунос Фазлиддин Мадиев билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти 6 июнь куни расмий ташриф билан Туркияда бўлиб қайтди. Сафарнинг асосий тадбирлари президент Ражаб Тоййип Эрдўған қароргоҳида ўтказилди. Ташриф 1 кунга мўлжалланган бўлса-да, жадвалда тадбирлар анчагина. Президент Мирзиёев бу гал Туркия аэромудофаа саноати билан ҳам яқиндан танишди. Икки президент тор доирадаги музокаралардан сўнг стратегик ҳамкорлик, икки давлат ишбилармонлари кенгаши йиғилишларида қатнашди. 

Бугун Анқара Ҳожи Байрам Валий университетининг Халқаро муносабатлар йўналиши докторанти ҳисобланган Фазлиддин Мадиев фикрича, икки давлат эски муаммоларни унутди. Орадаги совуқчилик олиб ташланди. Бугун Туркия нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари билан яқин алоқаларга эга. Шунингдек, сафарнинг энг эътиборли жиҳатларидан яна бири халқаро мавзулар юзасидан икки давлат позицияларининг ўхшаш ва бир хил экани. Мирзиёевнинг Ғазо юзасидан муносабати кутилган эди ва қувонарли, дейди сиёсатшунос. 

Шунингдек, Kun.uz суҳбат давомида сўнгги ойлардаги депортация сиёсати ва ўзбекларга муносабатга ҳам тўхталди. Чунки шу кунларда кўплаб ўзбеклар ҳам депортация қилинмоқда. Сиёсатшунос фикрича, бу Туркияда хорижликларга муносабат ўзгаргани билан боғлиқ. Яъни, нафақат ўзбеклар, балки давлатдаги барча мигрант ҳамда қочоқларга қарши кайфият кучайган. Лекин туркийларга ҳурмат ўз жойида. 

Эслатиб ўтамиз, Туркия бугун Ўзбекистоннинг ташқи савдода 4-муҳим шериги. Шунингдек, президент Мирзиёевнинг Эрдўған билан музокаралари Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ҳамкорларидан Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифидан 10 кундан кейин ўтказилмоқда.  

Шохрух Мажидов суҳбатлашди.

 

Мавзуга оид