Британиянинг Financial Times (FT) газетасига кўра, Мустафо Найемнинг Украина тикланиш агентлиги раҳбари лавозимидан кетиши Ғарбнинг Украина ҳукумати ва президент Володимир Зеленскийга бўлган ишончига путур етказувчи Киевдаги қатор кадр ўзгаришлари охиргиси ҳисобланади. «АҚШ ва бошқа Ғарб ҳамкорлари украиналик ҳамкасблари билан нормал, олдиндан тахмин қилиб бўладиган муносабатларни истайди», деди FT телеканалига 10 июн, душанба куни исмини ошкор қилмаслик шарти билан Украина ҳукумати расмийси. 

Унинг сўзларига кўра, «ҳозир улар тушунмаган кадрлар қарорлари туфайли Украина ҳукуматига ишончини йўқотмоқда». Жами олти нафар украин ва ғарб мулозимининг FT телеканалига айтишича, сўнгги ойларда Украина ҳукуматидаги қатор ишдан бўшатишлар, истеъфолар ва ўзгаришлар Киев ва Украина мудофааси ҳамда тикланишини молиялаштираётган ғарбий ҳамкорлар ўртасида низоларга сабаб бўлган.

Найем ва Кубраковнинг истеъфоси 

Бундан ташқари, Financial Times суҳбатдошлари Зеленский ва ҳукуматни кадрлар ўзгаришини бузғунчи ва тушунарсиз ҳаракатлар деб билишлари ҳақида огоҳлантирганликларини таъкидлади. Гап Мустафо Найемдан ташқари, биринчи навбатда, бош вазирнинг қайта қуриш бўйича ўринбосари, жамоат, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Александр Кубраковнинг истеъфога чиқиши ҳақида кетмоқда, уни ишдан бўшатиш учун Олий рада май ойи бошида овоз берган. Уларнинг кетиши Украинадаги ҳамкорларга тикланиш энди устувор вазифа эмаслигидан далолат беради, деди Киевдаги Иқтисодий стратегия маркази ижрочи директори Глеб Вишлинский FT нашрига. 

Украина тикланиш агентлиги раҳбари Мустафо Найем Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича конференция бошланиши арафасида истеъфога чиқди. У ўз қарорига ҳукумат билан келишмовчиликлар сабаб бўлганини айтди. «Мен ўз ваколатларимни самарали бажариш учун кейинги имкониятларга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар туфайли шундай қарор қабул қилдим», — деб ёзди у Facebook’да. Найемнинг сўзларига кўра, унинг жамоаси 2023 йил ноябр ойидан бери «доимий қаршилик ва сунъий тўсиқларларга» дуч келган. 

Бошқа нарсалар қаторида, у йўлларни қайта тиклаш ва таъмирлаш лойиҳалари учун бюджетлар бекор қилинишига ишора қилди. «Мен чекланган ресурсларни ва ҳарбий харажатларнинг аҳамиятини тушунаман, аммо инфратузилмани сақлаш учун маблағлар бекор қилиниши, биринчи навбатда, мудофаа йўллари ҳолатига таъсир қилади, агар бу бўлмаса келаси мавсумда биз ҳарбий логистика ва маҳсулот экспорти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келамиз», деди у. Бундан ташқари, Найем Украина бош вазири Денис Шмихални танқид қилди, у Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича конференцияга бориш имкониятини рад этган.