07:49 / 12.06.2024
2350

Штайнмайер: Биз Украина томонида қоламиз

Германия президенти Украинани қайта тиклаш учун муҳим бўлган тўрт жиҳатни таъкидлади: Киевнинг иқтисодий, ижтимоий, коммунал ва Европа истиқболлари. Франк-Валтер Штайнмайер Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

Фото: Axel Schmidt/REUTERS

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Киевни Россия ҳужумидан мудофаа масалаларида Германия қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди. «Биз Украина томонида қоламиз», деди у 11 июн, сешанба куни кечқурун Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича конференция иштирокчилари учун зиёфатда. Штайнмайернинг сўзларига кўра, шу куни эрталаб у украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан суҳбатлашиб, унга ваъда берган: «Биз сизни ва мамлакатингизни қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз! Тикланишда ҳам сизни қўллаб-қувватлаймиз!»

Германия давлати раҳбари Украинада нормал ҳаётни тиклашнинг тўрт жиҳатига ишора қилди. Унинг ишончи комилки, иқтисодиётнинг тикланиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга, шунинг учун мамлакат ҳозир ҳам, яқин йилларда ҳам «келажакка сармояга» муҳтож.

Бундан ташқари, Штайнмайернинг сўзларига кўра, ижтимоий ва коммунал даражада қайта тиклаш муҳим аҳамиятга эга. «Уруш туфайли Украина деярли бутун бир авлодни - ёш авлодни йўқотди, аммо Украинанинг келажаги билимли ва ғайратли ёшларга боғлиқ, - деб таъкидлади Германия президенти. - Уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини қўллаб-қувватлашимиз керак, бунинг учун мактаб ва боғчалар, электр ва йўллар, шифохоналар ва университетлар керак, бир сўз билан айтганда, инфратузилмасиз келажак йўқ».

Франк-Валтер Штайнмайер эътибор қаратган тўртинчи мавзу - Украинанинг Европа келажаги. «Ишончим комилки, Украинанинг келажаги Европа Иттифоқига боғлиқ, шунинг учун ҳам Украина аъзоликка номзод бўлганлиги ва музокаралар ҳозирги қийин пайтларда бошланиши муҳим. Бу кўплаб украиналикларга жасорат ва умид бахш этади».

Украинани қайта тиклаш бўйича учинчи конференция

11-12 июн кунлари Берлинда бўлиб ўтган Украинани тиклаш бўйича икки кунлик конференцияда Володимир Зеленский, Германия канцлери Олаф Шолц, шунингдек, 60 та давлатдан яна икки мингга яқин иштирокчи – сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, бизнес, фуқаролик жамияти, муниципалитетлар ва ҳудудлар вакиллари қатнашмоқда.

Украина билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияни ўтказиш орқали Германия ҳукумати Украинанинг тикланишига узоқ муддатли истиқболни тақдим этиш ва сармояларни рағбатлантириш ниятида. Бундан ташқари, гап Россия Федерацияси томонидан давом этаётган ҳужумлар туфайли фавқулодда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳақида кетяпти.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг ҳарбий тажовузидан Украинага етказилган зарар камида 486 миллиард долларни ташкил этади. Шунга ўхшаш конференциялар 2022 йилда Швейцариянинг Лугано шаҳрида ва 2023 йилда Лондонда бўлиб ўтди. 

Top