Жаҳон | 17:19 / 12.06.2024
14432
6 дақиқада ўқилади

Харкивда Россия қўшини юриш қилаётган ҳудудлардан қочқинлар қабул қилинмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 839-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Швейцариядаги тинчлик саммитида Россия қўшинини Украинадан олиб чиқиш масаласи муҳокама этилмайди — Россия билан алоқаларни қўллаётган давлатлар иштироки туфайли.
  • Mash ва Baza манбалари Купянскнинг собиқ мэри Геннадий Мацегор шифохонада вафот этганини хабар қилди, бир неча кун олдин унга суиқасд амалга оширилганди.
  • Оқ уй Америка қуролларини «Азов»га етказиб беришга қўйилган тақиқни бекор қилди. Бундай тақиқ олти йил муқаддам жорий этилганди.
  • Собиқ адвокат ва «Что? Где? Когда?» ўйини иштирокчиси Иля Новиков армия тўғрисидаги «фейк» иши бўйича сиртдан саккиз ярим йиллиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
  • Еврокомиссия раҳбари Украина июл ойида Россия активларидан даромад ҳисобидан бир ярим миллиард евро олишини маълум қилди. Бу маблағнинг катта қисми қурол сотиб олишга йўналтирилади.
  • Россия мудофаа вазирлиги Беларус иштирокида ядров кучлар машғулотларининг иккинчи қисми бошланганини маълум қилди.
  • Шимолий Осетияда Су-34 самолёти қулаб тушди. Экипаж аъзолари ҳалок бўлишган.

Зеленский Украинани тиклаш бўйича конференцияда

Украина президенти Володимир Зеленский 11 июн куни Германияга борди. У ГФР канцлери Олаф Шолц ва президент Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашди, парламентда нутқ сўзлади ва Украинани тиклаш бўйича конференцияда қатнашди. Зеленский ташриф чоғида Германия ҳукумати ва халқига, шунингдек Украинанинг бошқа иттифоқчиларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди. 11 июн куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина эҳтиёжлари учун июл ойидаёқ Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан 1,5 миллиард евро йўналтирилишини маълум қилди. Бу маблағнинг 10 фоизи Украинани тиклаш учун, қолган қисми — мамлакат мудофааси эҳтиёжларига йўналтирилади.

Олаф Шолц ва Володимир Зеленский Украинани тиклаш бўйича конференция доирасида матбуот вакиллари билан учрашув олдидан
Ebrahim Noroozi / AP / Scanpix / LETA

Донецк областидаги украин танкчилари

Донецк областида Украина қуролли кучларининг бошқа бўлинмалари қаторида Яков Гандзюк (шоҳ армияси генерал-майори бўлган, Украина халқ республикасини қўллаган ва болшевиклар томонидан ўлдирилган) номидаги 59-алоҳида мотопиёдалар бригадаси ҳам жанг қилмоқда. 59-мотопиёдалар бригадасида Т-72 танклари мавжуд.

СССР даврида ишлаб чиқилган Т-72 танклари 1970-йиллар бошидан 2000-йилларгача ишлаб чиқарилган — советлар иттифоқида ҳам (ўтган асрнинг охирги ўн йиллигида — Россияда), бошқа мамлакатларда ҳам.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Т-72 дунёда энг кўп фойдаланиладиган танклардан бири эди. Т-72 танкининг такомиллаштирилган варианти ҳамон дунёнинг кўплаб мамлакатлари армияларида бор
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Т-72 танкларидан Украина қуролли кучлари ҳам, Украинага бостириб кирган россиялик ҳарбийлар ҳам фойдаланади. OSINT-проекти Oryx маълумотига кўра, Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан буён Украина қуролли кучлари турли модификациядаги Т-72 танкларидан 240 дан ортиғини йўқотган. Проект баҳолашича, Россия қўшинининг Т-72 танклари борасидаги йўқотишлари турли модификациядаги 1450 танкдан ошади  
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Танклар дронлар қаршисида ожиз қолмоқда. Россия дронлари зарбаси хавфини камайтириш учун украиналик ҳарбийлар Т-72 устига тўр ўрнатишган. Россия қўшини ҳам ўз танкларини «мангал»га айлантирмоқда
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Харкив областида инсонпарварлик ёрдами тарқатилиши

Россия қўшини 10 май куни Харкив областининг чегарадош районларида юриш бошлаганди. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолган одамлар кўп ҳолларда зарбалар остида эвакуация қилинмоқда. Харкив области раҳбари маълумотига кўра, Россия юриши туфайли, 12 июн ҳолатига кўра, қарийб 12 минг киши хавфли ҳудудлардан олиб чиқилган. Бор-будидан айрилган қочқинларнинг аксари Харкивга жойлаштирилмоқда, уларга давлат тузилмалари, нодавлат ташкилотлар ҳамда БМТ тузилмалари ёрдам кўрсатмоқда.

Май ойида БМТ қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси бош координатори Александр Мундт Харкивга келганди . БМТ янгиликлар хизмати учун берган интервюсида Мундт Харкив областида кўрганларини шундай тасвирлаган: «Вазият чиндан қўрқинчли, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар шунчаки таърифлаб бўлмайдиган даражада».
Jose Colon / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Унинг сўзларига кўра, эвакуация қилинганларнинг кўпчилиги — «бошидан ўтказганларидан бутунлай дили вайрон бўлган» кекса ёшли ёки ногирон кишилардир
Jose Colon / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
«Улар титрайди, қўлида сув солинган чашкани базўр тутиб туради. Уларнинг қалби шу қадар жароҳатланганки, деярли гапира олишмайди. Кўз ёшларимни тия олмадим», — деган БМТ расмийси
Jose Colon / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Мундтнинг қайд этишича, улар энди ҳеч қачон уйга қайта олмаслиги, чунки уларнинг қишлоқлари тўлиқ вайрон бўлгани
бу одамлар учун вазиятни янада оғирлаштиради
Jose Colon / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид