Евро-2024 ўйинлар қаерларда бўлиб ўтади ва асосий саналар

Футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионати 14 июндан 14 июлга қадар бўлиб ўтади. Европа биринчилиги тарихда иккинчи бор Германияда ўтказилмоқда, 1988 йилги турнир ГФР томонидан ташкиллаштирилганди. Бу сафарги ўйинларга мамлакатнинг ўнта шаҳри мезбонлик қилади: пойтахт Берлин, шунингдек, Ҳамбург, Гелзенкирҳен, Дортмунд, Дюсселдорф, Кёлн, Лейпциг, Мюнхен, Франкфурт ва Штутгарт.

Евро-2024 ўйинлари ўтказилиши белгиланган ўнта стадиондан тўққизтаси олдин ҳам йирик турнирларни ўтказишда фойдаланилган. 2006 йили улар футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилган. Ареналардан бирортаси бу сафарги Евро учун махсус қурилмаган.

Европа чемпионати ўйинларини «Олимпиаштадион», «BVB-Штадион», «Дюсселдорф Арена», «Франкфурт Арена», «Арена АуфШалке», «Фолкспаркштадион», «Кёлн Штадион», «Лейпциг Штадиум», «Алянц Арена», «Штутгарт Арена» стадионлари қабул қилади.

Фақат «Дюсселдорф Арена» 2006 йилги ЖЧга мезбонлик қилмаганди. «Алянц Арена» (олдинги номи «Мюнхен Арена») уникал натижа қайд этди, чунки Мюнхен Евро-2020 ўйинлари ўтказилган 11 шаҳар қаторида бўлганди. Шу тариқа, «Бавария»нинг уй стадионида қаторасига иккинчи бор Европа чемпионати ўйинлари ўтказилмоқда.

Евро-2024 гуруҳ босқичи 14 июнда бошланиб, 26 июнга қадар давом этади. Плей-офф учрашувлари 28 июн куни, 1/8 финал босқичидан бошланади. Чорак финал ўйинлари 5 ва 6 июл, яримфиналлар — 9 ва 10 июл кунларига белгиланган. Финал 14 июл куни Берлиндаги «Олимпиаштадион» аренасида ўтказилади.

C гуруҳи жамоалари

Евро-2024 C гуруҳидан Англия, Дания, Словения ва Сербия ўрин олган.

Англия аввалги Европа чемпионати финалчиси бўлган, 2021 йил ёзида «Уч шерлар» «Уэмбли» стадионида ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда Италияга пеналтилар сериясида мағлуб бўлганди. Евро-2024 саралаш турнирида инглизлар С гуруҳида асосий рақобатчилари бўлган Италия ва Украинани олти очкога ортда қолдириб, 20 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Саккиз ўйинда Гарет Саутгейт жамоаси олти ғалабага эришди ва икки бор дуранг ўйнади. Англия рақиблар дарвозаларига 22 гол уриб, ўз дарвозасидан атиги тўртта гол ўтказиб юборди.

Дания — Евро-2020 да бронза медаллари соҳиби бўлганди, уч йил муқаддам ушбу жамоа яримфиналда Англияга қарши кечган ўйиннинг қўшимча бўлимларида ютқазганди. Саралашнинг H гуруҳида данияликлар 22 очко билан биринчи ўринни эгаллади, худди шунча очко тўплаган Словения қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига ортда қолдирилди (биринчи навбатда ўзаро учрашувлар натижасига қаралган - 1:1, 2:1 ). Каспер Юлманн шогирдлари ўн ўйинда етти ғалабага эришди, бир бор дуранг ўйнади ва икки учрашувда мағлубиятга учради, тўплар нисбати 19-10.