Жаҳон | 09:53 / 12.06.2024
5354
6 дақиқада ўқилади

Зеленский бундестагда: Биз урушни Европа манфаатлари йўлида тугатамиз

Украина президенти бундестагда нутқ сўзлади. Бу Володимир Зеленскийнинг Германия парламентидаги илк чиқиши эди. Депутатлар унинг нутқини ўн мартадан ортиқ қарсаклар билан тўхтатди.

Фото: Lisi Niesner / Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 11 июн, сешанба куни бундестагда нутқ сўзлади. Бу Украина президентининг Германия парламентидаги биринчи нутқи бўлди – бундан олдин Зеленский 2022 йил март ойида немис депутатлари билан видео-алоқа орқали гаплашган. Бундестаг аъзолари Зеленскийнинг нутқини ўн мартадан ортиқ қарсаклар билан тўхтатиб қўйишди ва нутқ сўнггида кўп дақиқалик қарсаклар кузатилди.

«Урушни Европа манфаатлари йўлида тугатамиз»

Зеленский ўз нутқини Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлагани учун Германия халқи ва ҳукуматига миннатдорчилик билан бошлади. «Сиз ёрдам бердингиз, ёрдам беряпсиз. Германияга раҳмат», деди у. Зеленскийнинг таъкидлашича, Европа аҳолисининг кўп авлодлари тинчликда яшай олмаган. «Маданият қитъаси бўлиши керак бўлган, одамлар қитъаси бўлиши керак бўлган, урушсиз қитъа бўлиши керак бўлган Европанинг орзуси шунинг учун ҳам катта кучга эга бўлди», деб таъкидлади Украина президенти. У «қитъада давом этаётган ва янада кенгроқ қарама-қаршиликка айланиб қолиш хавфини туғдирадиган» урушни тўхтатиш учун Европа ҳамма нарсани қилишига ишончи комил эканлигини қўшимча қилди.

«Биз бу урушни тугатамиз, уни Украина манфаатлари, бутун Европа, барчамиз ва биздан кейин келадиганлар манфаати йўлида тугатамиз», деб ваъда берди Володимир Зеленский ва жанглар Киев шартларига кўра якунланиши кераклигини қўшимча қилди.

«Уруш бошлаганлар тинчликни абадий унутиши керак» 

Шундан сўнг, Зеленский ўз нутқида Германия тарихидаги икки қисмга бўлинган вақтни эслади. «Шунинг учун сиз бизни тушуна оласиз. Россиянинг бизни бўлишга, Украинани бўлишга уринишларига қарши бунчалик қаттиқ курашаётганимизни, нега мамлакатимизнинг айрим қисмлари ўртасида девор ўрнатилиши олдини олиш учун ҳамма нарсани қилаётганимизни тушунасиз», деди у. Украина президенти уруш тугаганидан кейин украин халқини хўрлашга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади, украиналиклар эса «хотиржамлик» ва «урушни муносиб тугатиш»га лойиқдир.

«Уруш бошлаганлар эса, аксинча, тинчликни абадий унутиши, уруш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши, бу урушнинг ҳар бир кечаси учун адолатли жавоб бериши керак», деди Зеленский. Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг барча мумкин бўлган активлари Украинани урушдан кейинги реконструкцияси учун ишлатилиши керак ва бу «ҳеч қандай муросасиз» амалга оширилиши керак. «Улар шаҳарларимизни ёқиб юбориб, қотилларини мукофотлай бошлаганида, келишувлар ўрнига қотилликларга пул тикишни бошлаганида, муросага келиш вақти тугаб бўлди», деди у. 

«Улар келишувга эришиш умидини йўқ қилади» 

Зеленский, шунингдек, Европада «Россия армиясидан ҳимоя етишмаслиги» кузатилмаслиги кераклигини ва «Москвада кимнингдир сўзи бундай ҳимоя бўлиши мумкин эмаслигини» таъкидлади. «Европа мустаҳкам тинчлик маконига эга бўлиши учун етарли кучга эга қитъага айланиши керак, акс ҳолда, улар келишувга эришиш умидини йўқ қилади», — дея огоҳлантирди Зеленский. Унинг эслатишича, «забт этиш» истаги Россия Федерациясининг қўшни давлатлари чегарасидан анча узоққа боради, чунки «россиялик ҳарбийлар Ҳалабда ва Африкада бўлган, урушни ўрганган, Грознийни вайрон қилган, Гуржистонни бузган, Молдовани иккига бўлган, Беларусни тиз чўктирган». «Биз Россияга Европа бўйлаб бу юришни, ҳаётга ва халқларга нисбатан менсимаслик маршини давом эттиришига йўл қўямизми? Албатта, йўқ. Ва бу - бизнинг умумий манфаатимиз». 

Зеленский Берлин девори қулашидан сал олдин кўпчилик учун у абадий қоладигандек туюлганини эслади. «Энди эса баъзиларга урушнинг охири йўқдек туюляпти. Аммо бундай эмас. Бу раҳбарият томонидан қарорлар билан йўқ қилиниши мумкин бўлган иллюзия, у муваффақият билан барҳам топиши мумкин. Биз буни сиз билан бирга қиламиз, украиналиклар бунинг учун сиздан доимо миннатдор бўлишади», деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ва Германиянинг тинчликка эришиш, халқлар, Европа ва халқаро тартибни ҳимоя қилишдан бошқа мақсади йўқ. «Россиянинг бошқа мақсадлари ва бошқа орзулари бор, шунинг учун биз ҳаммамиз уни ўзгартиришга мажбур қилишимиз керак, чунки йиқилмайдиган деворлар йўқ», деди у.

Зеленский «тинчлик саммити» ҳақида: «Биз дипломатияга имконият бермоқчимиз»

Украина президентининг сўзларига кўра, Швейцарияда 15-16 июн кунлари бўлиб ўтадиган «тинчлик саммити» «хавфсизлик ва ҳақиқий тинчлик сари ҳаракатни бошлаш, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий нормалари кучини тиклашга» қаратилган.

«Биз дипломатияга имконият бермоқчимиз ва бунинг учун юзга яқин давлатни йиғяпмиз. Украина ҳеч қачон фақат қурол кучига таянмаган. Ҳа, қурол уларни самарали тарзда тўхтатади ва ҳаётимизни ҳимоя қилади, лекин биз тинчлик ўқлардан эмас, ишончли кафолатлардан ҳам келиши мумкинлигини биламиз», — деди Володимир Зеленский. 

Украина президенти кеча кечаси Германияга етиб келди. 11 июн куни у Германия канцлери Олаф Шолц билан бирга Берлинда бўлиб ўтаётган Украинани тиклаш бўйича конференцияда иштирок этди. 

Мавзуга оид