Буюк Британияда сўнгги ўн йил ичида еттинчи бош вазир ҳокимиятга келди. Энди Бёрнем ташқи сиёсатда изчилликни сақлаш тарафдори, ички сиёсатда эса мамлакат ҳудудларининг мустақиллигини ошириш, шимол ва жануб ўртасидаги тенгсизликни юмшатиш ва Найжел Фараж бошчилигидаги ўта ўнг сиёсий кучлар таъсирига қарши туришни мақсад қилган.
Бу ҳақда “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов сўз юритишди.
Камолиддин Раббимов: Англия сиёсий тизими парламентар моделга асосланган. Бу тизимда асосий ҳокимият парламент қўлида бўлади. Ҳар беш йилда парламент сайловлари ўтказилади ва конституциявий анъанага кўра монарх, ҳозирги қирол Чарлз III давлат бошлиғи сифатида фақат рамзий рол бажаради, сиёсий бошқарувга аралашмайди.
Сайловда кўпчилик ўринни қўлга киритган партия ҳукуматни шакллантиради. Яъни ўша партия етакчиси бош вазирга айланади ва Вазирлар Маҳкамасини тузади. Шу билан бирга, партия ички демократияси ҳам муҳим рол ўйнайди. Бош вазир беш йиллик муддат давомида бир неча бор ўзгариши мумкин, чунки ҳукмрон партия ичида етакчилик учун рақобат доимий давом этади.
Масалан, Кир Стармер сўнгги икки йил давомида бош вазир сифатида фаолият юритди. Бироқ май ойида ўтказилган маҳаллий сайловларда Лейбористлар партияси жиддий мағлубиятга учради. Бу натижалар фонида Найжл Фараж етакчилигидаги ўнг партия сезиларли даражада кучайди ва сиёсий мувозанатга таъсир кўрсатди. Шунинг учун Лейбористлар партияси ичида янги етакчилар ўз дастурларини таклиф қилмоқда. Улар мамлакатда ишонч пасаяётганини таъкидлаб, янги сиёсий йўналишлар бўйича аниқ режалар илгари сурмоқда. Партия вакиллари жамоатчилик фикри ва сўровлар асосида ўзларидан бўлган қайси сиёсатчи ва ғоялар кўпроқ қўллаб-қувватлаш олаётганини ўрганади ва партия ичкарисида сиёсий курсни ўзгартириш имконига эга.
Энди Бёрнем марказлашган бошқарувни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, ҳокимият ҳаддан ташқари марказлашиб кетган ва ваколатларнинг бир қисмини ҳудудларга, маҳаллий бошқарув органларига бериш керак. Ҳозирча бу борада концептуал ёндашув ишлаб чиқилмоқда.
Лейбористлар партияси ижтимоий тенглик ва ҳимоя ғояларини илгари суради. Жумладан, яқинда уйсиз фуқаролар муаммосини ҳал қилиш бўйича ташаббуслар кўтарилди. Унга кўра, пандемия даврида бу масалада муайян натижаларга эришилган бўлса, ҳозир ҳам шундай чораларни амалга ошириш мумкин. Умуман олганда, Англиядаги парламентар тизим партия ички механизмлари орқали сиёсатни мослашувчан тарзда ўзгартириш имконини беради.






