Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари Тошкентдаги музокаралар якунларини юқори баҳолади. Етакчилар музокаралар дўстона муҳитда, конструктив ва ишончли мулоқот руҳида ўтганини таъкидлади. 

Мирзиёев Жанубий Кореяни жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган мамлакатлардан бири, Ўзбекистоннинг вақт синовларидан ўтган алоҳида стратегик ҳамкори эканини таъкидлади. 

– Жанубий Корея биздан анча олисда жойлашган бўлса-да, халқларимизнинг урф-одат ва қадриятлари, маънавий олами ва дунёқараши бир-бирига ўхшашдир. Биз яқин дўст сифатида олижаноб ва бағрикенг корейс халқи эришаётган катта муваффақиятлардан беҳад қувонамиз ва фахрланамиз, деди Ўзбекистон раҳбари. 

Мирзиёев корейс ҳамкасби билан музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилангани, янги режа ва марралар олинганини таъкидлади. Ҳамкорликнинг барча механизмларига тизимли тус бериш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро савдода мувозанатни таъминлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўмита ва ташқи сиёсат идоралари ўртасида Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилиши натижалари юқори баҳоланди. 

Ўзбекистон раҳбари Жанубий Корея президенти билан бирга мамлакатимизга катта ишбилармонлар делегацияси келганини мамнуният билан таъкидлади. 

Бугунги бизнес форумида Жанубий Кореянинг 80 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этаётгани ва 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар тўплами тайёрлангани савдо-иқтисодий ҳамкорликка кучли туртки беришига ишонч билдирилди. 

Яқин йилларга мўлжаллаб Ўзбекистон-Жанубий Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. 

Шу мақсадда етакчилар Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб ташкил этиш бўйича Стратегик дастурни тайёрлашга келишиб олдилар. 

Ўта муҳим минерал ресурслар, яримўтказгичлар, кимё, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегиянинг таянч йўналишлари сифатида белгиланди. 

Ўзбекистон раҳбари корейс компаниялари билан ҳамкорликнинг айрим устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.