Исроил мудофаа армияси вакилининг сўзларига кўра, бундай танаффуслардан биринчиси шанба куни бўлган.

Ҳарбий ҳаракатлардаги вақтинчалик танаффуслар, кейинги огоҳлантиришга қадар маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан соат 19:00 гача амал қилади. Бу фақат Исроилнинг Ғазо билан чегарасидаги «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пунктидан шимолда, Салоҳиддин шоссесигача бўлган йўлга ҳамда шоссе бўйлаб Хон Юнус шаҳри ҳудудидаги Европа шифохонасигача бўлган ҳудудга тааллуқли бўлади.

Исроилнинг иттифоқчилари, биринчи навбатда Қўшма Штатлар Ғазода гуманитар вазият оғирлашмаслиги учун унга босим ўтказмоқда. Якшанба кунги эълон «БМТ ва халқаро ташкилотлар билан қўшимча муҳокамалар» ортидан берилди, дея хабар қилган ЦАҲАЛ.

Ғазога юклар етказишда ёрдам кўрсатувчи ActionAid агентлиги BBC’га маълум қилишича, уларда ушбу танаффуслар нимани англатиши бўйича «чалкаш» картина шаклланган.

«Биз бу тактик паузалар нимани англатишини ҳали ҳам тушуна олмаяпмиз, улар ёрдам нафақат Ғазо секторига олиб кирилишига, балки уни унга муҳтож бўлган тинч аҳолига хавфсиз тарқатилишига ҳам йўл қўядими», — деган ActionAid вакили Зиёд Исса.

Исроил томони фаластинликларга ёрдамнинг катта қисми Ҳамас тузилмалари хоҳишига кўра тақсимланиши, шунингдек маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан инсонпарварлик ёрдамлари олиб кетаётган карвонларга ҳужумлар тез-тез учраб туришига эътибор қаратган.

ActionAid вакили сўнгги ҳафталарда «Керем-Шалом»дан Ғазога олиб кирилган ёрдам карвонлари «йирик ҳужумлар»га учраганига гувоҳ бўлганини айтган.

Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти ёпилгач, Ғазога ёрдам асосан «Керем-Шалом» орқали ўтмоқда

Исроилдаги нашрларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ғам, мудофаа вазири Йоав Галлант ҳам бу ҳақда эълон қилинмагунича гуманитар паузалар жорий этиш режаси ҳақида хабардор бўлмаган.

Нетаняҳунинг офисидагилар режа ҳақида фақат якшанба куни хабар топганини айтишган, бош вазир буни йўл қўйиб бўлмайдиган қарор деб атаган. Аммо уни Исроил мудофаа армиясининг ҳарбий ҳаракатлари мақсади ўзгармаслиги ва Рафаҳдаги жанглар «режа бўйича давом этиши»га ишонтиришган.

Исроилнинг ўта ўнг қарашларга эга миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳам ҳарбий ҳаракатларда танаффус қилиш қарорини кескин танқид қилган.