Жаҳон | 12:15 / 19.06.2024
1980
3 дақиқада ўқилади

Эстонияда сиёсатшунос Морозов Россия разведкасига ишлагани учун судланди

Суд Вячеслав Морозовнинг пул мукофоти эвазига Эстониянинг ички ва мудофаа сиёсати тўғрисида Россия разведка хизматлари манфаатларини кўзлаб маълумот тўплаганини исботланган ҳолат деб топди.

Фото: ut.ee

Эстониянинг Харю туман суди россиялик сиёсатшунос, Тарту университети собиқ профессори Вячеслав Морозовни Эстония Республикасига қарши хорижий разведка хизмати манфаатлари ва унинг номидан содир этилган ҳаракатларда айбдор деб топиб, олти йил-у уч ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 18 июн, сешанба куни Postimees нашри хабар берди. Морозовнинг тергов изоляторида гумонланувчи сифатида ўтказган вақти унинг қамоқ муддати билан ҳисобга олинади.

Ҳукмга кўра, Россия фуқароси Вячеслав Морозов Эстониянинг ички, мудофаа ва хавфсизлик сиёсати, шунингдек, у билан боғлиқ одамлар ва инфратузилмага оид маълумотларни Россия махсус хизматлари манфаатларини кўзлаб тўплаган, бунинг учун пул мукофотлари олган. 

Суд жараёнида бир қатор эстониялик ҳамкасблар Морозовнинг айбига шубҳа билдириб, у Россия ҳукуматини танқид қилганини ва 2022 йил февралида Россиянинг Украинага ҳужумини қоралаганини таъкидлади. Шу билан бирга, Вячеслав Морозов Россияга ташриф буюришни давом эттирди ва у ерда, терговчиларга кўра, ўз кураторларига маълумот берган. Унинг ҳибсга олиниши ортидан университет Морозов билан меҳнат шартномасини тўхтатаётганини эълон қилди. 

Россия разведка хизматларининг Эстонияга қизиқиши 

Эстония хавфсизлик полицияси бош директори Маргот Палоссон Морозов 2024 йил январида ҳибсга олинишини изоҳлар экан, Россия разведка хизматларининг Эстонияга қизиқиши юқорилигича қолаётганини таъкидлади. «Ҳозирги иш ўндан ортиқ олдинги ҳолатларга қўшимча бўлиб, Россия разведка хизматларининг Эстония ҳаёти турли соҳаларига, жумладан, илмий тадқиқот секторига кириб бориш истагини кўрсатади», деди у. 

Эстониянинг ETIS илмий ахборот тизими маълумотларига кўра, Вячеслав Морозов 2010 йилгача Санкт-Петербург давлат университетида ишлаган, кейин эса Тарту университети билан ҳамкорлик қилган. У Эстонияда яшаш учун рухсатнома олиб, 2016-2023 йилларда Тартуда Европа Иттифоқи ва русшунослик профессори, 2023 йил 1 сентябрдан 2024 йил 11 январгача эса халқаро сиёсат назарияси профессори лавозимларида ишлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид