Иккинчи ўринни 72,6 балл билан Сингапур, учинчи ўринни эса 72,0 балл билан Малайзия банд этди.
Эстониянинг етакчиликка чиқиши алоҳида эътиборга молик. Аҳолиси қарийб 1,3 миллион кишидан иборат мамлакат хавфсизлик ҳамда яшаш учун қулай шароит яратиш кўрсаткичларида юқори натижа қайд этган. Бунга самарали ҳуқуқий тизим, ривожланган стартап экотизими ва ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг пастлиги асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Болтиқбўйининг бошқа давлатлари ҳам юқори натижа кўрсатди. Литва 71,0 балл билан 10-ўринни, Латвия эса 68,7 балл билан 18-ўринни эгаллаб, дунёдаги энг яхши 20 та мамлакат қаторидан жой олди.

Умуман, кучли йигирматаликнинг ярмини Европа давлатлари ташкил этган. Жумладан, Португалия 71,6, Чехия 69,9 ва Малта 69,8 балл тўплаган.
Европа мамлакатларининг юқори ўринларни эгаллашида тиббий хизмат сифати ва умумий турмуш даражаси муҳим аҳамият касб этган. Шу билан бирга, Жанубий ва Шарқий Европада яшаш харажатларининг нисбатан мақбуллиги айрим давлатларга қўшимча устунлик берган. Хусусан, Болгария ва Кипр 69,7 баллдан тўплаб, Шимолий ва Ғарбий Европанинг айрим машҳур мамлакатларини ортда қолдирган.
Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ҳам рейтингда юқори натижалар қайд этган. Тайвань 71,4 балл билан жаҳонда 5-ўринни эгаллаган. Бруней 69,3 ва Япония 69,1 балл билан кучли йигирматаликдан жой олган.
Рейтингнинг қуйи қисмида эса Африка мамлакатлари устунлик қилади: охирги 20 та ўриннинг 13 таси қитъа давлатларига тўғри келган.
Африка мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич Жанубий Суданда — 42,3 балл.
















