22–23 август кунлари Латвия, Литва ва Эстония, шунингдек, Полша Беларус ҳудудларидан кучли «Приска» циклони ўтди. Кучли ёмғир ва сониясига 30 метрдан юқори тезликда эсган шамол билан кечган бўрон туфайли камида икки киши ҳалок бўлган. Қурбонлардан бири – Литва шимоли-шарқидаги Аникшай районида рўйхатга олинган, уни дарахт босиб қолган. Латвиянинг Елгава шаҳрида эса яна бир киши қулаган бино харобалари остида қолиб кетган.

Латвияда 14 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан айримларининг жароҳати жиддий. Одамлар аксар ҳолларда дарахт ёки дарахт шохлари қулашидан жабрланган. Айримлар устига дарахт қулаган автомобиллар ичида қамалиб қолишган. Рига шаҳри аэропорти рейслар кечикиши мумкинлигидан огоҳлантириб, йўловчиларга парвозлар ҳақидаги маълумотлар янгиланишини кузатиб боришни тавсия қилган.

Литвадаги қутқарув хизматлари ҳам жуда кўп жойларда дарахтлар қулагани ва бунинг оқибатида бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.

Каунас, Литва
Тракай, Литва

Бўрон туфайли электр таъминотида узилишлар юзага келган. Бунинг асосий сабаби дарахтлар йиқилиши оқибатида электр узатиш линиялари узилиши бўлган. Латвияда 250 мингдан ортиқ уй хўжалиги электрсиз қолган, Литвада – 150 мингдан ортиқ; Эстонияда шанба куни кечқурун электрдан узилган уй хўжаликлари сони қарийб 3,5 мингтани ташкил этаётганди, аммо якшанба кунги тонгига келиб бу рақам 2,6 мингтагача камайди. Полшада 145 мингдан ортиқ хонадонда электр ўчган, Беларусда эса 650 дан ортиқ аҳоли яшаш манзилларида узилишлар қайд этилган.

Бундан ташқари, Латвияда LMT ва Tele2 мобил операторларининг айрим мижозлари алоқадаги муаммолардан шикоят қилишган.

Латвия, Литва ва Эстониядаги шаҳарларда кўчаларни сув босган. Эстониядан хабар қилишларича, бир кун ичида 50–70 миллиметр ҳажмдаги ёғин тушган, айрим ҳудудларда бу миқдор 90 миллиметргача етган. Кучли ёмғир туфайли айрим дарёларда, масалан, Рига шаҳри оралаб оқиб ўтадиган Даугава дарёсида сув сатҳи кўтарилган. Шаҳарда транспорт ҳаракати, жумладан, автобуслар юриши қийинлашган, фавқулодда хизматлар ходимлари йўллардаги сувни насослар орқали олиб чиқишмоқда. Бундан ташқари, кўплаб биноларнинг ертўлалари ҳамда кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларини сув босган.

23 август куни ҳам ҳудудда шамол ҳақидаги огоҳлантириш сақланиб қолмоқда.