Жаҳон | 08:36 / 19.06.2024
1953
4 дақиқада ўқилади

Шолц Германияда миграция сиёсатини кучайтириш ниятида

Германиянинг олти шарқий ери раҳбарлари билан учрашув якунлари бўйича канцлер ноқонуний миграция масалалари бўйича фикрлар бир хил эканини билдирди. Германия расмийларининг қарорлари мамлакатдаги муҳожирлар сонини камайтиришга қаратилган бўлади.

Фото: Алекс Сочацки / Коммерсантъ

Германия канцлери Олаф Шолц ноқонуний миграцияга қарши курашда федерал ҳукумат ва Германиянинг шарқий ерлари бош вазирлари ўртасида тўлиқ бирдамлик кўрмоқда. 18 июн, сешанба куни Виттенбергда олтита федерал ер ҳукумати раҳбарлари билан учрашувдан сўнг Шолц «узоққа мўлжалланган қарорлар» ўтган йили қабул қилингани ва тез орада кучга киришини айтди. «Биз бу тенденция давом этишини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз», деди федерал канцлер Германиядаги иммигрантлар сонининг пасайиш тенденциясига ишора қилиб.

Ҳозирда Германиянинг шарқий ерлари ҳукумат раҳбарлари конференциясига раҳбарлик қилаётган Саксония-Анхалт бош вазири Райнер Хаселофф канцлернинг музокаралар муваффақиятли ўтгани ҳақидаги сўзларини тўлиқ тасдиқлади. Сиёсатчи учрашувда кўтарилган барча мавзулар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.

Бош вазир билдирганидек, ўтган ҳафта Магдебург яқинидаги Волмирштедтда содир этилган пичоқли ҳужум депортация амалиёти бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлигини кўрсатди. Одамлар ҳозир ўзларини хавфсиз ҳис қилишмаяпти, деди Хаселофф. Шунингдек, у ўнг қанот популист «Германия учун муқобил» (ГуМ) Германиянинг шарқий қисмида энг нуфузли партияга айлангани қабул қилиб бўлмас эканлигини айтди. 

Саксония-Анхалтда пичоқли ҳужум содир бўлди, қурбон ва ярадорлар бор

Der Spiegel журнали хабар беришича, 14 июн куни кечқурун Германиянинг Волмирштедт шаҳрида 27 ёшли афғонистонлик Германия ва Шотландия ўртасидаги Евро-2024 очилиш ўйинини томоша қилаётган одамлар шахсий базмига бостириб кирган. У 50 ёшли немис аёл ва 75 ёшли немис эркакни пичоқлаган. Яна бир 56 ёшли эркак енгил жароҳат олган. Кейинроқ аёл олган жароҳатларидан вафот этган. 

Жиноятчи чақирув бўйича келган полицияга «пичоққа ўхшаш нарса» билан ҳужум қилган ва икки зобит унга қарата ўқ узган. Бироз вақт ўтгач, ҳужумчи касалхонада вафот этди. Эркак аввалроқ шу шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида 23 ёшли афғонистонлик йигитга ҳужум қилгани маълум бўлди. Жабрланувчи олган жароҳатларидан ўша куни кечқурун вафот этган. 

Der Spiegel нашрининг ёзишича, ҳужумчи аввалроқ террорчилик ёки радикал фаолият билан боғлиқ ҳолда Германия хавфсизлик органлари эътиборига тушмаган. Саксония-Анхалт Ички ишлар вазирлиги раҳбари Тамара Цисханг шаҳар кўчаларида содир этилган ҳужумдан сўнг ер полиция кучлари кучайишини, Волмирштедтдаги воқеа «ҳар томонлама ва мақсадли» текширилишини айтди. 

Афғонистонликларнинг ҳужумлари Германияда тизимли тус олмоқда 

11 июн куни Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида пичоқ билан қилинган ҳужум натижасида 41 ёшли украиналик аёл жароҳат олди, деб хабар берди Bild. Жиноятда гумонланувчи 19 ёшли афғонистонликдир. Полиция уни жиноят содир бўлганидан кейин кўп ўтмай қўлга олди - у ҳуқуқ-тартибот ходимларидан буталар орасида яширинишга ҳаракат қилди. Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинди. 

Бундан олдин Маннхайм шаҳрида афғонистонлик Pax Europa ташкилоти митинги иштирокчиларига пичоқ билан ҳужум қилган. 31 май куни содир бўлган ҳужумда бир неча киши яраланган. Полициячи Рувен Л. бошига бир неча марта пичоқ урилган ва 2 июн куни у шифохонада вафот этган. Полициячининг ўлими ва тинч аҳолига қилинган ҳужум билан боғлиқ фожиа немис жамиятини ларзага солди ва афғон қочқинларини қабул қилишни тўхтатиш, уларни ўз ватанларига депортация қилиш имкониятларини муҳокама қилишга туртки берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид