Жаҳон | 12:16 / 21.06.2024
14803
4 дақиқада ўқилади

Актёр Доналд Сазерленд вафот этди

«Очлик ўйинлари», «Бегоналашишнинг олти даражаси» ва «Италянча ўғрилик» каби филмлар юлдузи Доналд Сазерленд 88 ёшида оламдан ўтди.

Фото: Getty Images

Унинг ўлими ҳақида ўғли Кифер хабар берган: «Қаттиқ андуҳ билан айтишим керакки, отам Доналд Сазерленд вафот этди».

«Мен уни кино тарихидаги энг муҳим актёрлардан бири деб биламан. У рол танламасди — яхшими, ёмонми ёки ёвузми, ўйнаб кетаверарди», — деган Кифер режиссёр Сержио Леоненинг вестерн жанридаги машҳур филми номига ишора қилиб.

«У ўз ишини севарди ва севган ишини қиларди. Тақдирдан бундан ортиғини сўраш имконсиз. Бу яхши яшаб ўтилган ҳаёт бўлди», — деган Кифер.

Доналд Сазерлендга машҳурликни 1970-йилларда Американинг «МЭШ» телешоусида ўйнаган жарроҳ Пирс роли келтиради.

Ўзининг ижодий фаолияти мобайнида Сазерленд қарийб 200 та рол ижро этган.

У Канадада туғилган, аввалига радио-репортёр бўлиб ишлаган. 1957 йилда бўлғуси актёр Лондонга келиб, Лондон мусиқа ва драматик санъат академиясида таҳсил олади.

Кейин у Британия киноларида ва телесериалларда кичик ролларни ўйнайди.

Сазерленд шунингдек Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги, тақдимоти 1967 йилда бўлган «Ифлос дюжина» (The Inglorious Bastards) жангари филмида рол ижро этади.

Унинг кадрдаги ностандарт ҳаракатлари кинематографлар эътиборини ўзига жалб этади ва у яна бир ҳарбий филмдан рол олади: «Келлининг қаҳрамонлари» (Kelly's Heroes) филмида сержант Одболл ролини.

Доналд Сазерленд 1975 йилда

1971 йилда Сазерленд «Клют» (Klute) филмида детектив ролини ўйнайди, унда унинг қаҳрамонига йўқолган кишини топишда юқори ҳақ тўланадиган фоҳиша ёрдам кўрсатади.

Бу ролни ўйнаган Жейн Фонда «Оскар» мукофотини қўлга киритади. «Клют»дан кейин Сазерленд ва Фонда икки йил учрашиб юришади, кейин ажралишади.

1973 йилда «Энди эса қарама» (Don't Look Now) филмидаги очиқ саҳналар томошабинлар Сазерленд ва унинг филмдаги шериги Жули Кристи ўртасида ишқий муносабатлар борлиги ҳақида ўйлашига сабаб бўлади. Сазерленд бу миш-мишларни рад этиб чиқишига тўғри келади.

1976 йилда у «Бургут қўнди» (The Eagle Has Landed) номли Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги филмда Ирландия республика армияси аъзоси бўлган террорчи ролини, 1978 йилда – «Тана ўғрилари босқини» (Invasion of the Body Snatchers) римейкида бош ролни ижро этади.

1980-йилларда «Оскар» мукофотини қўлга киритган «Оддий одамлар» (Ordinary People) филмида ўзини ўлдирувчи ўсмирнинг отаси ролини ўйнаган.

Актёр 2000-йилларда «Ифлос пуллар» (Dirty Sexy Money) ва «Бош қўмондон» (Commander in Chief) каби телесериалларда ўйнаган.

Доналд Сазерленд тўрт ўғил ва бир қиз отаси эди.

Тижорий муваффақиятлар ва танқидчиларнинг юқори баҳоларига қарамай, у бирор марта «Оскар» мукофоти учун номзод бўлмаган, аммо 2017 йилда кинематограф сифатидаги фаолияти учун фахрий мукофотни қўлга киритган.

Мавзуга оид