Жаҳон | 10:12 / 23.06.2024
10782
3 дақиқада ўқилади

Харкив бўйлаб зарба берилди. Авиабомбалардан бири турар жой биносига тушган

Уч киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Vitalii Hnidyi / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшини 22 июн куни кундузи Харкив бўйлаб бошқарилувчи авиабомбалар ташлади, деб хабар қилади маҳаллий расмийлар. Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов зарба натижасида фуқаролик инфратузилмаси шикастланганини хабар қилган: турар жой, жамоат транспорти бекати, дўконлар.

Украина бош прокурори офиси берган сўнгги маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлиб, 52 киши жароҳатланган. 16 киши шифохонага ётқизилган, шундан олти нафари оғир аҳволда. Жабрланганлардан икки нафари — болалар.

Харкив области прокуратураси Россия қўшини шаҳар бўйлаб тўртта авиабомба ташлаганини хабар қилган. Шаҳар мэри Игор Тереховга кўра, бомбалардан биттаси беш қаватли турар жой биносига, яна учтаси — ишлаб чиқариш корхоналарига тушган. Корхоналарга зарбалар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна уч киши жароҳатланган. 

«Суспiльне» нашри ўз мухбирига асосланган ҳолда, авиабомба тушиши оқибатида турар жой биносининг ташқи девори қисман, шунингдек камида учта қаватдаги квартиралар вайрон бўлганини хабар қилган. 

Қурбонлардан бири — зарба келиб тушган жой яқинидаги бекатда турган троллейбус йўловчиси. 

Andrii Marienko / AP / Scanpix / LETA
Авиазарба оқибатида вайрон бўлган квартира
Vitalii Hnidyi / Reuters / Scanpix / LETA
Қутқарувчи ити билан вайрон бўлган уй харобалари остидан ярадорлар ва омон қолганларни қидирмоқда
Andrii Marienko / AP / Scanpix / LETA

Украина президенти Володимир Зеленский Харкивга зарба юзасидан муносабат билдирган. У бундай ҳужумлар «тўхтатилиши кераклиги ва тўхтатилиши мумкин бўлгани» ҳақида гапирган. 

«Биз Россия террорчилари ва Россия ҳарбий авиациясини турган жойида йўқ қилишимиз учун ҳамкорлардан кучлироқ қарорлар керак. Биз аллақачон чегарадош ҳудудларни террорчиларнинг ракета учириш қурилмаларидан тозалаш орқали одамлар ҳаётини ракета терроридан чинакамига ҳимоя қила олишимизни исботлаганмиз. Бомбалардан ҳам ҳимоя қилиш керак. Шундай қатъийлик лозим», — дея ёзган Зеленский ўз телеграм-каналида. 

Маҳаллий телеграм-каналлардан бирида Харкив бўйлаб зарбалардан бири акс этган видео жойлаштирилган. Кадрлар видеорегистратор орқали ёзиб олинган.

Мавзуга оид