DW хабарига кўра, Харкив мэри Игор Терехов ва вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов шаҳарнинг икки туманига ракета зарбалари берилганини маълум қилган.
Синегубовнинг билдиришича, бир зарба Слободской, яна учтаси Немишлянский туманига тўғри келган. Ҳужумдан кейин ўткир стресс реакцияси кузатилганлар орасида 13 ёшли қиз ҳам бор.
Немишлянский туманида турар жойлар шикастланган. Тереховнинг дастлабки маълумотига кўра, юздан ортиқ дераза синган. Мэр камида битта ҳужумда S8000 «Бандероль» ракетаси қўлланганини ҳам билдирган.
Кечки зарбалар Харкивга шу кун давомида уюштирилган иккинчи ҳужумлар серияси бўлди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, эрталабки зарбаларда 71 ёшли аёл ва 58 ёшли эркак ҳалок бўлган, 22 киши жабрланган. Ўн киши шифохонага ётқизилган, улардан иккисининг аҳволи оғир бўлган.
16 октябр кечқурун Днипрога ҳам зарба берилган. Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, шаҳар атрофида ёнғин чиққан. Бир эркак ҳалок бўлган, яна тўрт киши яраланган.
Харкив аввалги кунларда ҳам ҳужумларга учраган эди. Маҳаллий ҳокимият 13 октябрга ўтар кечаси берилган зарбаларда уч киши ҳалок бўлгани ва 11 киши яраланганини хабар қилган. Ўшанда ракеталардан бири тўрт қаватли уйга тегиб, унинг бир подъездини бутунлай вайрон қилган. 11 октябрда шаҳар ва вилоятга уюштирилган ҳужумларда эса яна икки киши ҳалок бўлган.
















