АҚШда президентликка номзодлар — Доналд Трамп ва Жо Байден ўртасидаги биринчи дебат бўлиб ўтди. Томошабинлар ва экспертлар баҳоларига кўра, амалдаги президент унда муваффақиятсизликка учради ва республикачилар номзоди яққол устунликка эришди. Тарафдорлари эса Байден умуман сайловдаги иштирокини тўхтатиши мумкинлигини ҳам истисно этишмаяпти. «Медуза» дебатларда айнан нималар муҳокама этилгани ва бу сайловолди пойгасига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ёзди.
Трампнинг штабидагилар биринчи дебатдан очиқчасига хавфсираётганди. Унинг сафдошлари олдиндан CNN модераторларини тарафкашликда айблаб, Байден чиқиш қилишидан олдин жисмоний ҳолатини яхшилаш учун қандайдир дори-дармон қабул қилганини айтишди.
Аммо илк дақиқаларданоқ бу хавотирлар ўринсиз бўлгани ойдинлашди. Байден саҳнага чиқишда яна ўнғайсиз аҳволда қолди, модераторлар билан унинг микрофони ёқилишидан олдинроқ ноқулай тарзда саломлашди, кейин эса саволларга жуда паст ва бўғиқ овозда жавоб бера бошлади ва мунтазам равишда тўхталишлар қилди. Президент бир неча марта дудуқланди, довдиради ва ўз фикрларини аниқ жамлай олмади.
Байден сўнгги ойлардагидан анча ёмонроқ ҳолатда кўринди. Унинг атрофидагилар журналистларга президент дебат арафасида шамоллаб қолганини айтишган.

Аммо Байден бундай чиқиши билан 81 ёшли демократ мамлакат президенти бўлиш учун жуда қарилик қилади деб ҳисобловчи кўплаб сайловчиларнинг хавотирларини фақат мустаҳкамлади. Дебатни фокус-гуруҳ иштирокчиси сифатида кузатган иккиланувчи сайловчилар президентнинг ҳолатидан қаттиқ хавотирга тушишмоқда. Дебатни Сакраментода Демократик партия тарафдори бўлган 40 киши даврасида кузатган The New York Times журналисти «[кузатиш вақтида] кайфият кичик ваҳимадан даҳшатли умидсизликка айлангани»ни ёзган.
Яна бир ажабланарли ҳолат шу бўлдики, бир ярим соатлик дебат давомида Трамп фақат бир марта, унинг навбатдаги мужмал гапларига жавоб бериш асносида Байденнинг ҳолатига муносабат билдирди: «Бу жумла охирида у нима деганини тушунмадим. Унинг ўзи ҳам тушунмаган бўлса керак!»
Улар айнан нималарни муҳокама қилишди?
CNN телеканали ходимлари бўлган модераторлар номзодларга қандай мавзулар қайси тартибда тақдим этилишини олдиндан айтишмаганди. Якунда дебат тузилиши анча тартибсиз тус олди. Модераторлар номзодлардан кенг доирадаги мавзулар бўйича сўрашди ва уларга жавоб бериш учун икки дақиқа (ва шу мавзудаги репликага жавоб қайтариш учун яна бир дақиқа). Якунда Байден ҳам, Трамп ҳам қўйилган саволларни бир четга суриб, ўзларининг эски мулоҳазаларига қайтаверишди. Модераторлар бир неча бор номзодларнинг диалогини узишга мажбур бўлишди: масалан, Байден Трамп 2021 йил 6 январида Капитолийни штурм қилганларни қоралашини талаб қилганида.

















