Ўзбекистон | 09:44 / 29.06.2024
18719
2 дақиқада ўқилади

Ҳаж вақтида 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этгани айтиляпти 

Саудия Арабистонида 2024 йилги Ҳаж мавсумида 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этган бўлиши мумкин. Аввалроқ Саудия томони вафот этганларнинг умумий сони 1300 дан ошганини билдирганди.

Фото: AFP

Бир неча кун олдин Саудия Арабистони расмийлари 2024 йилги Ҳаж мавсумида 1300 дан ортиқ одам вафот этганини билдирди. Gazeta.uz ўз манбасига таяниб, зиёрат чоғида 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этганини маълум қилди.

Ҳозирча улар айнан қандай сабаб билан вафот этгани аниқ эмаслиги айтилади.

Kun.uz аниқроқ маълумот олиш мақсадида Мусулмонлар идораси билан боғланди. У ерда идора ҳожиларнинг тўлиқ ватанга қайтгунича бу борада аниқ маълумот бера олмаслиги айтилди.

17 июн куни Маккадаги Масжид ал-Ҳарам масжидида ҳаво ҳарорати сояда 51,8 даражани ташкил қилди, деб хабар берди Саудия телеканали. 2700 дан ортиқ зиёратчиларга кучли иссиқлик оқибатида юзага келган асоратлар туфайли тиббий ёрдам кўрсатилди.

Бу йилги Ҳаж зиёрати 14 июн куни бошланиб, 19 июн оқшомида тугади. Саудия Арабистони Статистика департаменти маълумотларига кўра, ҳажда 1,8 миллион зиёратчи иштирок этди.

Охирги 30 йил ичида Ҳаж вақтида юзлаб одамлар тиқилинчлар, чодирлардаги ёнғинлар ва бошқа бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлди.

Маълумот учун, Ўзбекистондан жами 15 130 нафар зиёратчи Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига борган. 

Мавзуга оид