Немислар овертаймда пеналти тепиш ўрнига сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборди. Испанлар 12 йил ичидаги илк совринга яқинлашди

Испания – Германия 2:1
Голлар: 1:0 – 51 Олмо, 1:1 – 89 Виртц, 2:1 – 119 Мерино.
Испания – Унаи Симон, Карваҳал, Лапорт, Ле Норман (Начо, 46), Кукуреля, Фабиан Руис (Ҳоселу, 102), Родри, Педри (Олмо, 8), Уилямс (Мерино, 80), Ямал (Ферран Торрес, 63), Мората (Ойарсабал, 80).
Германия – Нойер, Рюдигер, Та (Мюллер, 80), Раум (Миттелштедт, 57), Кроос, Гундўған (Фюллкруг, 57), Жан (Андриҳ, 46), Киммиҳ, Ҳавертц (Антон, 90), Сане (Виртц, 46), Мусиала.
Огоҳлантиришлар: Рюдигер (13), Раум (28), Ле Норман (29), Андрих (56), Кроос (67), Миттелштедт (73), Ферран Торрес (74), Унаи Симон (82), Шлоттербек (90), Виртц (94), Карваҳал (100), Родри (110), Ундав (113), Мората (120+1), Фабиан Руис (120+1).
Четлатиш: Карвахал (120+5)

Испания ва Германия Евро чоракфиналида ўйнаши маълум бўлганида, мухлислар бу учрашувга «финалдан олдинги финал» ёрлиғини ёпиштиришди. Чиндан ҳам, испанлар ва немислар — турнир ғолиблиги учун асосий фаворитлар бўлиб турганди ва уларнинг ўзаро тўқнашуви мухлисларга сифатли футбол ваъда қилаётганди. Якунда мухлисларнинг бу ишончи тўлиқ оқланди деса ҳам бўлади.

Испанлар бош мураббийи Луис де ла Фуэнте 1/8 финалда ўйнаган таркибни ўзартирмади. Юлиан Нагелсман эса ўзгаришлар қилди: Германиянинг бошланғич таркибида Эмре Жан ва Жонатан Та ҳаракатланди. Ўйиннинг старти «ҳеч кимга раҳм-шафқат йўқ» шиори остида ўтди. Асосий қаҳрамон эса Тони Кроос эди: аввалига Педрини қўполлик билан қарши олди, кейин эса вингер Ламин Ямалнинг оёқларини босиб олди.

Испанлар яримҳимоячиси газонга қулади ва йиғлаб юборди. У жиддий жароҳат олганди ва саккизинчи дақиқадаёқ мажбуран алмаштирилди. Унинг ўрнига майдонда Дани Олмо пайдо бўлди. Бош ҳакам Энтони Тейлор эса бу эпизодлар учун Кроосга ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади ва бу ўйин ҳароратини ошириб юборди. Биринчи бўлим давомида уч футболчи огоҳлантирилди: Антонио Рюдигер, Давид Раум ва Робен Ле Норман.

Ўйиннинг ўзи эса у қадар ёрқин кечмади. Жамоалар вазиятлар яратди, аммо у қадар хавфли чиқмади. Кай Ҳаверцда гол уриш учун имконият юзага келганди, аммо Унай Симон форварднинг бош билан йўллаган зарбасидан кейин сейв ижро этди. Ламин Ямалнинг жарима майдони ичидан ерлатиб берган зарбаси эса бироз хато кетди. Бўлим охирида Олмо ўз вазиятидан фойдалана олмади: унинг 25 метр масофадан йўллаган зарбасини Нойер қайтарди.