Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил делегацияси боши берк кўчага кириб қолган музокараларни давом эттириш учун Қатарга келди. Ғазо бўйича музокараларда иштирок этиш учун “Моссад”нинг раҳбари Давид Барнеа келган.
Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байденга хабар берган, деб ёзади Reuters.
Агентлик манбасининг таъкидлашича, ҲАМАС таклиф этилган келишув шартларига айрим ўзгартиришлар киритгач, келишувга эришиш учун реал имкониятлар пайдо бўлган.
Исроилнинг мухолифатдаги “Миллий бирлик” партияси етакчиси Бенни Ганц гаровда ушлаб турилган исроиллик фуқароларни қайтариш учун ҲАМАС билан ҳар қандай келишувни қўллаб-қувватлашини маълум қиллди. У бу борада Нетаняҳу билан муҳокама ҳам ўтказган.
Агар гаровда ушлаб турилганларни алмашиш бўйича келишув парламент муҳокамасига қўйиладиган бўлса, у ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.
Буюк Британияда бош вазир ўзгарди
Лейборист Кир Стамер партияси билан сайловларда ғалаба қозонгач, Стармер қирол Чарлз III дан янги ҳукуматни шакллантириш учун мандатни қўлга киритди.
Буюк Британиянинг лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер расман мамлакат бош вазири лавозимига киришди ва миллатга мурожаат билан чиқиш қилди. У миллатга катта қайта янгиланиш зарурлигини таъкидлади.
«Шубҳасиз, ҳар бир инсон учун мамлакатимиз катта қайта янгиланиш ўтказиш зарурияти борлиги тушунарли. Биз аслида кимлигимизни қайта кашф қилишимиз керак... Бу мамлакатнинг кучли томонларидан бири доимо тинч сувлар томон йўл топа олиш бўлиб келган. Лекин барибир бу сиёсатчиларга боғлиқ, айниқса, мен каби барқарорлик ва мўътадиллик йўлини танлайдиган, танланган йўлни қай онда ўзгартириш кераклигини англайдиган сиёсатчиларга», — дея Стармернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Guardian.
Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат «доктриналар юки остида қолмайди» ва фақат фуқаролар манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади. Стармер шунингдек Буюк Британия ҳукумати «миллий янгиланиш миссияси»га содиқ қолишини айтган.
Кир Стармер 4 июл куни бўлиб ўтган муддатидан аввалги парламент сайловларида Лейбористлар партияси ғалаба қозонгач, бош вазирга айланди. Лейбористлар 412 та ўринга эга бўлишди (аввалгисидан 211 та мандатга кўпроқ), бунгача улар 14 йил давомида мухолифатда бўлишган. Консерватив партия парламентда 250 ўрнидан жудо бўлиб, атиги 121 та ўринни қўлга киритишган. У мамлакат тарихида лейбористлардан сайланган еттинчи бош вазир бўлди.















