Сўзи аввалида Ўзбекистон президенти тадбирни юксак даражада ташкил этагани учун Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга самимий миннатдорлик билдирди.

«Сизлар билан туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида кўришиб турганимизда чуқур маъно мужассам. Гўзал Қорабоғнинг дурдонаси ҳисобланган бу муқаддас шаҳар Озарбайжон халқининг сўнмас жасорати, тенгсиз матонати, чин мардлик ва бирдамлигини яққол намоён этган тарихий ғалабанинг ёрқин тимсолидир.

XX асрнинг буюк сиёсат ва жамоат арбоби, мустақил Озарбайжон давлатининг асосчиси, муҳтарам Ҳайдар Алиев таъбири билан айтадиган бўлсак, «Шушасиз — Қорабоғ, Қорабоғсиз Озарбайжон бўлмайди», деди Мирзиёев ўз нутқида.

Мирзиёев тарихий адолат қарор топган ва яна Озарбайжон бағрига қайтган Қорабоғда ҳурматли Илҳом Алиев раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига, меъморий обидалар ва маданий ёдгорликларни қайта тиклаш борасидаги мислсиз жонбозликка кеча бевосита гувоҳ бўлганига урғу берди.

«Бундай эзгу ишларингиз яқин дўстлар сифатида барчамизга албатта чексиз қувонч ва ғурур бағишлайди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва алоҳида эътиборимиз билан ушбу бебаҳо шаҳар тимсолида бутун Қорабоғ келгусида абадий дўстлигимизнинг чинакам рамзига айланишига ишонаман», — деди Мирзиёев.

Мирзиёев Ўзбекистон беш йил муқаддам айнан Озарбайжон заминида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб киргани, ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйилганини таъкидлади.

«Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, бугунги йиғилишимиз «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остида ўтаётгани долзарб аҳамиятга эга», деди Мирзиёев ва устувор масалаларни санаб ўтди.

Савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш

Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳажми барқарор ўсмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, умумий ўзаро товар айланмаси ҳажми 27 фоизга ошган. Бундай юқори ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

Мамлакатлар бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган.