Ғарб билан мулоқот қилишга ваъда берган ислоҳотчи номзод Масъуд Пизишкиён сайловда ғалаба қозониб, Эроннинг 9-президентига айланди. Хўш, Эрондек давлатда консерваторларнинг мағлубияти нимани англатади? Масъуд Пизишкиён ким? Kun.uz мавзунинг муҳим нуқталарини шарҳлаб бериш учун сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовни таклиф этди.

Эрон президентлик сайловларида 2-тур бўлиши қанчалик кутилган эди?

Шавкат Икромов: — Бу сайловларда эронликлар фаол эмас, сиёсий фаоллар бойкот қилишган очиқдан очиқ. 1979 йилдан кейинги энг паст кўрсаткич билан ўтди сайлов. Шу пайтгача 50 фоиздан кам аҳоли иштирок этмаган сайлов бўлмаган. Аҳолининг сайловларда фаол эмаслигининг ўзиёқ уларда мавжуд тузумга ва президентнинг чекланган ҳокимиятига нисбатан ишонч йўқолаётганини кўрсатади. Шунга кўра биринчи тур муваффақиятсиз тугаб, иккинчи тур бўлди. Кўпчилик таҳлилчилар аҳолининг нофаол иштироки сабаб иккинчи тур бўлишини кутганини айтди.

Иккинчи турда Масъуд Пизишкиён ва Саид Жалилий қатнашди. Пизишкиён ислоҳотчи сифатида ўзини намоён қилди, Жалилий эса консерватив сиёсатчи. Жалилий тизимга яқин сиёсатчи, Пизишкиён эса олдин ҳам 2 марта номзодини қўйган. Иккинчи турдан олдин консерватив кучлар Жалилийни ҳокимиятга олиб чиқишга ҳаракат қилади, дейилганди. Лекин кутилмаганда тизим ичидаги мухолифатчи сифатида кўриладиган Пизишкиён ғалаба қозонди.

Умуман, иккинчи тур кутилганди бойкотлар, ҳеч бир номзод яққол устун эмаслиги сабаб.

Кутилмаганда консерватор номзодларнинг мағлубияти олий ҳокимият хоҳишими ёки реал халқ танлови?

Камолиддин Раббимов: — Бу Эрон ичидаги ижтимоий, сиёсий кайфиятга боғлиқ. Эронда олий раҳбар консерватор, у мамлакатдаги исломий, шиавий тизимни ҳимоя қилиш. 1979 йилдан кейинги инқилобдан сўнг Эрондаги шиа давлатчилигини сақлаш, кучайтириш бўйича давлатчилик шакллантирилган.

Бош имомни 88 та мужтаҳид имомлар сайлайди. Сайланган имом вафотига қадар давлатни бошқаради, маълум муддати йўқ. Президент ваколатлари, муддати чекланган, халқ томонидан сайланади. Лекин сайловга қадар номзодларни имом ҳокимияти филтрдан ўтказади. Охирги сайловда ҳам 80 дан ортиқ одам ҳужжат топшириб, 6 таси ўтди, улардан 5 таси консерватор, биттаси реформатор эди. Жамият мана шу битта реформаторга овоз берди. Сўнгги 10-15 йилда Эронда кўплаб намойишчилар бўлди, жамиятда ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик,танқидий фикрлаш юқори ва шуни ифода этиш учун имконият излайди халқ.