7 июлга ўтар кечаси Евро-2024 чоракфинал босқичи ҳам якунланди. Сўнгги ўйин кунида ҳам мухлислар иккита шиддатли баҳс гувоҳига айландишди.
Саутгейт жамоаси ёрқин ўйин кўрсатмасдан ҳам турнирдаги иштирокини давом эттирмоқда

Англия — Швейцария 1:1 (Пеналтилар серияси — 5:3)
Голлар: Сака (80) — Эмболо (75).
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Конса (Палмер, 78), Триппиер (Эзе, 78), Райс, Фоден (Александер-Арнолд, 115), Беллингҳэм, Майну (Шоу, 78), Сака, Кейн (Тоуни, 109).
Швейцария – Зоммер, Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер (Сиерро, 118), Жака, Фройлер (Амдуни, 118), Варгас (Видмер, 64), Ридер (Цубер, 64), Ндойе (Закариё, 98), Эмболо (Шакири, 109).
Огоҳлантиришлар: Шер (32), Кейн (67), Видмер (85).
Англия миллий жамоаси бошқарувидаги юбилей юзинчи ўйинида Саутгейт тактик инқилобга қўл урди. Айни вақтда жаҳон футболида энг кўп танқид қилинаётган ушбу инсон Швейцарияга қарши ўйинда анча вақтдан буён илк бор уч марказий ҳимоячига асосланган схема танлади. Сариқ карточкалари сони ортиб кетгани учун дисквалификацияга учраган Геҳи ўрнига Конса туширилди — бу олдиндан кутилган танлов эди, латераллар позицияси бўйича эса кичик интрига бор эди. Якунда ўнг оёқда ўйновчи Триппиер барибир чап қанотда қолди, ўнг қанот эса тўлиғича Сакага топширилди.
Моҳиятан, англияликлар швейцарияликларнинг тактикасини такрорлади. Италия билан ўйиндан тўла кўнгли тўлган Мурат Яқин дисквалификацияни ўтаб бўлган Видмерни ҳам бошланғич таркибга қайтармади ва ўнг қанотда Ридерни қолдирди.
Швейцариянинг режаси аён эди — тўпни инглизларга топшириш ва уларни майдоннинг ўрта қисмида ушлаб туриб, фақат позицион ҳужумларга мажбур қилиш. Қисқа паслар билан ўйналадиган бундай қарама-қаршиликда ҳимояланиш катта қийинчилик туғдирмасди, шу билан бирга, рақиб ҳимоясида бўшлиқларга эга бўлиш ва қарши ҳужумлар ўтказиш мумкин эди. Аввалига қизил формадаги футболчилар буни яхши уддалашди. Аммо голли вазиятлар яратилмади.
Бу ўйиндан қандайдир ҳужумлар тўлқинини кутган мухлислар бўлган бўлса, улар ҳам 30-дақиқаларга келиб тақдирга тан беришди. Англияда бурчак зарбасини ижро этганида тўп охири дарвозабон Пикфордга етиб келди...
Шундан сўнг футболчилар олдинга ўтишни бас қилишди: рақиблар бир-бирига бўшлиқлар қолдиришмади, позицион ҳужумлар уюштиришга бўлган барча уринишларни ҳимоячилар олдиндан ўқиб туришди. Англия таркибида фақат Сака ажралиб турди, у ўз қанотида тез-тез Эбишерни алдаб ўтди, аммо унинг узатмалари швейцарияликлар ҳимоясидан ўтмади ёки ҳужумдаги шериклар яхши очила олмади. Ҳужумкор яримҳимоячи саналган Эбишер асосий эътиборини мудофаага қаратишига тўғри келгани туфайли Швейцарияга ҳужумларда вариантлар бўлмади. Бўлим давомида инглизлар бешта, швейцарияликлар иккита зарба йўллади, аммо бу зарбалардан бирортаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Аммо инглизлар бир нарсадан хурсанд бўлиши мумкин: бу сафар трибуналар уларни кийим алмаштириш хонасига ҳуштакбозлик қилиб кузатиб қўймади. Сербияга қарши биринчи ўйиндан буён бунақаси кузатилмаганди.



















