Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қайта бошланади. Янги ҳафта ичида Доҳа ва Қоҳирада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қайталаниши кутилмоқда. Сўнгги ойлардаги келишувга муваффақиятсиз уринишлардан сўнг ҲАМАС ва Исроилдан бу масалада эгилувчанлик кўрсатиш кутилмоқда.
АҚШ, Миср ва Қатар воситачилари иштирокида яқин ойлар ичида томонлар чекланган келишув ишлаб чиқиши режалаштирилмоқда. Музокараларнинг якуний босқичида етакчи воситачилар — АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс, Миср Марказий разведка бошқармаси раҳбари Аббос Комил ва Қатар бош вазири Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Ол Соний, шунингдек, «Моссад» раҳбари Дэвид Барни ҳамда етакчи Исмоил Ҳания бошлиқ ҲАМАСнинг етакчи мансабдорлари қўшилиши кутилмоқда.
ҲАМАС келишувнинг биринчи фазаси якунида Исроил ўт очишни доимий тўхтатишга амал қилиш тўғрисида ёзма мажбурият бериш тўғрисида ўз позициясини юмшатганидан сўнг келишувга эришиш имкониятлари кескин ортган.
Бироқ, Ғазони урушдан кейин бошқариш борасида жузъий қарама-қаршиликлар ҳам бор. Бу ерда ҲАМАС ўзининг фаол ролини кўрмоқда, шунингдек, Исроил қўшинлари анклавдан тўлиқ олиб чиқилишини истамоқда.
Бу орада Ғазодаги уруш қурбонлари сони 38 минг 153 нафарга етгани маълум қилинди. Ярадорлар 87 минг 828 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида Исроил армияси учта оммавий қирғин ўтказган. 55 киши ўлдирилган, 123 киши ярадор қилинган.
Франциядаги сайловлар
Францияда муддатидан аввал ўтказилган парламент сайловлари якунлари эълон қилинди.
Сайловда энг яхши натижани «Янги халқ фронти» партияси намойиш этди ва 182 та депутатлик мандатини қўлга киритди. Иккинчи ўринда — амалдаги президент Эммануэл Макроннинг «Биргаликда республика учун» марказчи коалицияси. Улар 168 та ўринга эга бўлишмоқда. Ўнгчилар Марин Ле Пен ва Жордан Барделланинг «Миллий уюшма» партияси 143 та жой оладиган бўлди. Қолган мандатларни мустақил депутатлар ва кичик партиялар вакиллари бўлиб олишган.
Шундай қилиб, бирорта партия 577 кишилик янги парламентда кўпчилик жойга эга бўлиш имконини берадиган 289 та жой учун овоз тўплай олмади. «Янги халқ фронти» етакчиларидан бири Жан-Люк Меланшон аллақачон ўнг партиялар ёки Макроннинг марказчи блоки билан коалиция тузиш имкониятини рад этиб бўлган. «Миллий уюшма»дан Ле Пен ҳам шундай баёнот билан чиқиш қилди.















