Боғча педагогларининг маоши ошди, аммо...
2023 йил 26 мартда президент имзолаган 79-сонли фармонга кўра, шу йил 1 июндан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларининг олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилиши белгиланганди.
Бироқ давлат боғчаларида болаларга жисмоний тарбия ва мусиқа фанидан дарс берувчи кадрларнинг маоши кўтарилмагани айтилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманидаги боғчалардан бирида ишловчи жисмоний тарбия йўриқчисининг Kun.uz'га маълум қилишича, у олий маълумотли, 1,25 ставкада ишлайди, 1 млн 720 минг сўм ойлик олади. Олий маълумотли, аммо 1 ставка ишловчилар эса 1 млн 587 минг сўм маош олиши маълум қилинди.
“99-сонли буйруқ [Мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг иш ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида] бўйича биз иш ҳужжатларини юритамиз, ҳамма ўқитувчилар ҳамкорликда ишламайди. Тарбиячи болаларини бизга ташлаб группага кочиб кетади, 30 дақиқа давомида 35 нафар бола билан битта жисмоний тарбия ўқитувчиси дарс ўтади. Тарбиячи ёки тарбиячи ёрдамчиси бизга ёрдам бермайди.
Биз ҳам тарбиячилар сингари малака оширамиз, тоифаларга топширамиз. Педагог вазифасини бажарамиз. Лекин ҳамманики ошиб, бизнинг ойлигимиз ошмайди. Нега?” – дейди аёл таҳририят мухбири билан суҳбатда.
Чилонзор туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ишловчи яна бир жисмоний тарбия устозларидан бири 1,5 ставкада ишлайди, олий маълумотли, 1-тоифага эга. У 2 млн 400 минг сўм олади.
“Жисмоний тарбия йўриқчисининг 1 ставка иши 30 соат. 1 ставкада 8 та гуруҳга машғулот ўтади. Ўқув йили давомида болалар билан эрталабки бадантарбия жараёнларини, нонуштадан сўнг тарбияланувчилар билан режа асосида машғулотларни олиб борамиз. Ҳамма педагоглар қатори ҳужжатларни юритамиз, болалар гуруҳи билан шуғулланамиз.
Бундан ташқари, машғулотда қийналган болалар билан якка тартибда иш олиб борамиз. Режа асосида тадбирлар ўтказиб, вазирликдан келган буйруқлар асосида "Гимнастрада"," Шахмат", "Мини футбол, стритбол, варкаут" йўналишлари бўйича мусобақалар ўтказамиз. Тарбияланувчиларни туманлараро, шаҳар босқич мусобақаларига тайёрлаб олиб борамиз. Биз тарбияланувчиларга ҳам таълим, ҳам тарбия берамиз. Лекин бизни педагог деб ҳисоблашмайди, техник ходим сифатида кўришади.


















