Ўтган ҳафтада «Ҳизбуллоҳ» исроилликларнинг Ливан жанубига зарбаси оқибатида юқори мартабали қўмондонларидан бири Муҳаммад Нимаҳ Носир ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Бу Ливандаги шиалар гуруҳининг ўтган йил октябрида Исроилга қарши ҳаракатларни фаоллаштирганидан буён «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти вакиллари орасидаги камида учинчи ўлим бўлди.

Пайшанба куни Носирнинг ўлимига жавобан бир куннинг ўзида Исроил бўйлаб 200 га яқин ракета ва портловчи моддалар ўрнатилган дронлар билан ҳужум қилинди.

Исроил бўйлаб зарбалар деярли ҳар куни берилмоқда. Бунга жавобан исроиллик ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий объектларини ўққа тутмоқда ва айрим ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги тўққиз ой давомида гуруҳга 1,5 млрд долларлик зарар етказилган.

«Ҳизбуллоҳ» вакили ташкилот Муҳаммад Носирнинг ўлимига жавобан Исроилдаги «янги объектларни нишонга олгани»ни маълум қилган

Исроил-Ливан чегарасининг икки томонида беш километр радиусда ҳақиқий ҳарбий ҳудуд юзага келган, бу ҳудудлардан юз минглаб кишилар эвакуация қилинган — 100 минг атрофида исроилликлар ҳамда 90 минг ливанлик.

Исроил ўз ҳудудлари ўққа тутилишига чек қўйиш ва шимолий ҳудудлар аҳолисини ўз уйларига қайтариш учун камида «Ҳизбуллоҳ»ни ўз чегараларидан узоқлаштириши керак ва афтидан, бунинг нисбатан мўътадил усуллари энди иш бермай қўйган.

Америка разведкаси маълумотлари ҳам яқин ҳафталарда ўртада катта уруш бошланиши мумкинлигини кўрсатмоқда. АҚШ хавфсизлик хизматлари буни Исроил ва Ҳамас Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олмагани билан боғлайди.

Аммо Исроилдаги экспертлар буларнинг тўғридан тўғри алоқадорлиги йўқ деб ҳисоблайди.

Катта уруш учун ҳал қилувчи туртки нима бўлиши мумкин? Ва бунинг олдини олиш йўллари қолганми?

Ким биринчи қадамни ташлайди?

Исроиллик экспертлар бир овоздан катта урушда биринчи қадамни эртами кечми сабр косаси тўладиган Исроил ташлайди деб ҳисобламоқда. Аммо улар бундай қадамнинг аҳамиятини турлича баҳолади: бир қисми буни давлатнинг террорга табиий ва ҳатто зарур деб ҳисобласа, бошқалари – буни ҳалокат деб билади.

«Исроил мамлакатнинг бутун шимоли ҳар соатда ҳужумга учраб, ўққа тутилиб ва террор қилинадиган вазиятда қанча вақт яшашда давом этиши мумкин. Шу ҳолатда тўққиз ой ўтди. Исроил шимоли кимсасиз бўлиб қолди. Бундай ҳолатда Исроилнинг ҳам сабри тугайди. Бошқа ҳеч бир мамлакат ҳам ўз фуқаролари бунчалик узоқ давр мобайнида ўлдириб келинишига рози бўлмасди», — дейди BBC рус хизматига берган интервюсида бош вазирнинг собиқ маслаҳатчиси Ариэл Булштейн.