Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Қатар пойтахти Доҳада АҚШ бош вазведка бошқармаси раҳбари Уилям Бёрнс, қатар бош вазири, мамлакатнинг ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ол Соний, Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати раҳбари Давид Барнеа ва Миср разведкаси раҳбари Аббос Комил Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишмоқда.

Бу орада Исроил ҳарбийлари яна Ғазо аҳолисига ўз уйларини ташлаб бошқа жойга кўчишлари лозимлиги тўғрисида буйруқ беришган.

Қария эркаклар, аёллар ва болалардан иборат узлуксиз оқим Ғазо шаҳридан ғарбга ва жанубга йўл олгани тасвирлари пайдо бўлди. Айримлар қариялар ва ярадорларни қўлидан тутиб олган, ёш болалар опичлаб олган, қўлларида эса сумка ва канистрлар ушлаб олган. Огоҳлантириш янграгач, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазо шаҳрининг шарқий қисмига интенсив авиазарбалар берган.

Шаҳарнинг Дараж, Туффаҳ мавзелари ва эски шаҳар қисми нишонга олинган.

Россиянинг Киевдаги «Охмадет» болалар шифохонасига берган ракета зарбасидан сўнг украиналик бемор болаларни Исроилда текин даволашини эълон қилган яҳудийлар ҳамон Ғазога инсонпарварлик юкларини ўтказишмаяпти.

Сув, озиқ-овқат, дори-дармонлар ортилган юзлаб юк машиналари Миср ва Ғазо чегарасидаги «Рафаҳ» ўтказиш пунктида Ғазонинг ҳуманитар қамали сабабли 50 кундан бери туриб қолган.

Урушнинг 277-кунига келиб, Ғазода ҳалок бўлганлар сони 38 минг 243 кишига етди. Яраланганлар сони 88 минг 33 кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари учта оммавий қирғинга сабаб бўлган бомбалашларни амалга ошириб, 50 кишининг қурбон бўлиши ва 130 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.

Шу пайтгача Ғазода 21 мингдан зиёд ёш болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.

Ямандаги вазият

Яманда муҳим сиёсий етакчини озод қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ямандаги ҳусийчилар гуруҳи Яманнинг халқаро тан олинган ҳукумати билан боғлиқ бўлган ва қарийб 10 йилдан буён ҳибсда сақланаётган сиёсий етакчини озод қилиши мумкин.