Kun.uz таҳририятига Ўзбекистон миллий ва олимпия жамоалари аъзоси ҳисобланган ва ҳозирда БААнинг «Ал-Ваҳда» клубида фаолият юритаётган Ҳожимат Эркиновнинг турмуш ўртоғи Мадинабону Рустамовадан алимент масаласида мурожаат келиб тушди.
У Эркинов даромади анча юқори бўлса-да, ўзини ишсиз сифатида кўрсатиб, фарзанди учун алимент пулини ҳақиқатда топаётган даромади ҳисобидан тўламаётганини айтмоқда.
Таҳририятга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, 2023 йил 1 декабр куни фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди буйруғи билан вақтинча ишсиз (!) деб кўрсатилган қарздор Ҳожимат Эркиновдан бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ой иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади.
Суд буйруғида тўланадиган алимент миқдори ҳар бир бола учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (1 млн 50 минг сўм)нинг 26,5 фоизи, яъни 278 минг 250 сўмдан кам бўлмаслиги кўрсатилади.
Маълумот учун, Ҳожимат Эркинов ишсиз сифатида кўрсатилган мазкур суд буйруғи чиққан вақтда у «Пахтакор» клуби таркибида тўп сурган ва бу давр учун унга иш ҳақи ва мукофот пуллари ҳисобланган. Жумладан, Ҳожимат Эркиновнинг 2023 йил июл-декабр ойлари учун жами даромадлари 900 млн сўмдан ошиқни ташкил этган.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2024 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан Ҳожимат Эркиновдан Мадинабону Рустамова фойдасига, фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 фоизи (1 млн 50 минг сўм) миқдорида алимент белгиланади.
М.Рустамованинг апелляция шикоятига асосан ишни қайта кўриб чиққан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати ажрими (2024 йил 27 март) билан ҳал қилув қарори қисман ўзгартирилиб, алимент миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (1 млн 50 минг сўм)нинг икки баравари, яъни 2 млн 100 минг сўм этиб белгиланади.
Мадинабону Рустамованинг айтишича, Эркинов суд буйруғига асосан айни кундаги шартномаси бўйича «Ал-Ваҳда» клубидан топаётган жами даромадларининг тўртдан бир қисмини алимент учун тўлаши керак. Унинг турмуш ўртоғининг араб клубидаги маоши ҳақида маълумот олиш учун уринишлари натижа бермаган.
Kun.uz мухбири Ҳожимат Эркинов билан боғланиб, вазият ҳақида фикрлари билан қизиқди.
«Алимент масаласига келсак, биласиз, алимент тўламаган одам Ўзбекистондан чиқариб юборилмайди. Мен ҳамма алиментларимни тўлаб, жой-жойига қўйганман. Бу ҳақдаги чекларим ҳам бор, буни исботлаб беришим ҳам мумкин.







