Оила кодексига кўра, ота-она никоҳда бўлиши ёки алоҳида яшашидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандини таъминлаши шарт. Агар ота ёки она бу мажбуриятни бажармаса, алимент ўзаро келишув билан ёки суд орқали ундирилади. 2026 йил 1 сентябридан бир бола учун алимент ойига 360 400 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.
Мақоладаги маълумотлар 2026 йил 1 октябр ҳолатига кўра амалдаги қонунчилик асосида тайёрланган. Қонунчиликдаги ўзгаришлар сабаб айрим тартиб ва суммалар кейинчалик ўзгариши мумкин.
Алимент қандай тартибда тўланади?
Оила кодексининг 96-моддасига кўра ота-она вояга етмаган фарзандига таъминот бериши шарт. Бу мажбурият ота ва онанинг иккаласига ҳам тегишли.
Алиментни ота-она ўзаро келишган ҳолда ихтиёрий равишда тўлаши мумкин. Бунинг учун судга мурожаат қилиш шарт эмас. Ота-она алимент миқдори, уни тўлаш усули ва муддатини нотариал тасдиқланган келишувда белгилаши ҳам мумкин. Келишувга кўра алимент:
даромаднинг маълум қисми;
вақти-вақти билан тўланадиган қатъий сумма;
бир йўла тўланадиган сумма;
мол-мулк бериш ёки бошқа усулда тўланади.
Вояга етмаган бола учун келишилган алимент миқдори суд ундира оладиган миқдордан кам бўлмаслиги керак.
Агар ота-онадан бири фарзандини таъминлашда иштирок этмаса, алимент суд орқали ундирилади. Бунинг учун алимент олиш ҳуқуқига эга шахс маълум муддат кутиши шарт эмас. Алимент, умумий қоида бўйича, судга мурожаат қилинган кундан бошлаб ундирилади.
Қандай мурожаат қилинади?
Алимент ундириш билан боғлиқ ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилади.
Алимент ундириш тўғрисидаги ариза, умумий қоида бўйича, жавобгарнинг яшаш жойидаги судга берилади. Шу билан бирга, алимент талаб қилувчи шахс ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Алимент ундириш ҳақидаги даъволар бўйича даъвогар давлат божини тўлашдан озод қилинган. Бу қоида “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида белгиланган.
Судга аризани қоғоз шаклида топшириш билан бирга, қонунчиликда белгиланган тартибда электрон шаклда ҳам юбориш мумкин.
Мавзуга оид
Қандай ҳужжатлар керак?
Алимент ундиришда судга бериладиган ҳужжатлар талабнинг турига ва иш ҳолатига қараб фарқ қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
алимент ундириш тўғрисидаги ариза;
боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
никоҳ тузилган ёки бекор қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, агар мавжуд бўлса;
тарафлар ҳақидаги зарур маълумотлар;
талабни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса.
Агар алиментни ундириш билан бирга оталикни белгилаш каби бошқа талаб ҳам қўйилса, ишнинг тартиби ва тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳам ўзгаради.
Шунинг учун ариза беришдан олдин айнан сизнинг ҳолатингизга мос суд ҳужжати намунасидан фойдаланиш маъқул. Олий суднинг my.sud.uz порталида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш учун тайёр ҳужжат намуналари жойлаштирилган.
Қандай ариза берилади?
Алимент ундириш учун икки хил тартибда мурожаат қилинади. Агар тарафлар ўртасида низо бўлмаса, Фуқаролик процессуал кодексининг 170-моддаси асосида суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берилади. Оила кодексининг 136-моддасида бундай талаб буйруқ тартибида кўриб чиқилиши белгиланган.
Масалан, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ота сифатида кўрсатилган шахс фарзандини таъминламаяпти ва оталик бўйича низо йўқ. Бундай ҳолатда алимент ундириш учун суд буйруғи тартибидан фойдаланилади.
Даъво аризаси эса низо мавжуд бўлган ёки масалани суднинг тўлиқ кўриб чиқиши талаб этиладиган ҳолатларда берилади.
Масалан, оталик белгиланмаган бўлса ёки алимент миқдорини қатъий суммада белгилашда даъво тартибида мурожаат қилинади.
Kun.uz
Алимент ундириш ҳақида даъво ариза намунаси.
Онлайн ариза бериш мумкинми?
Олий суднинг my.sud.uz портали орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда ариза юбориш мумкин. Порталда судга мурожаат қилиш, суд ишини кузатиш ва суд ҳужжатлари намуналари билан танишиш имконияти ҳам тақдим этилади.
Судга онлайн ариза юбориш учун my.sud.uz порталида OneID орқали шахсий кабинет очилади.
Kun.uz
cabinet.sud.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг бош саҳифаси. Мурожаатлар бўлими.
Қайси ҳолларда ариза қайтарилади ёки қабул қилинмайди?
Умумий тартибда суд аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш масаласини қонунда белгиланган асослар бўйича ҳал қилади. Аризада зарур маълумотлар кўрсатилмагани, талаб нотўғри тартибда берилгани ёки бошқа процессуал камчиликлар айрим ҳолларда аризанинг қайтарилишига сабаб бўлади.
Низо мавжуд ёки мавжуд эмаслиги алимент масаласида эса энг муҳим фарқлардан биридир. Масалан, боланинг отаси туғилганлик гувоҳномасида кўрсатилмаган бўлса ва оталикни белгилаш талаб қилинса, бундай масалани оддий алимент бўйича суд буйруғи билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунда даъво тартиби қўлланади. Шунинг учун ариза беришдан олдин талабнинг ўзини тўғри белгилаш муҳим. Акс ҳолда, бу ҳам ариза қайтарилишига сабаб бўлиши мумкин.
Алимент миқдори қанча бўлади?
Агар ота-она ўртасида вояга етмаган болани таъминлаш бўйича келишув бўлмаса, суд алиментни алимент тўловчининг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадидан қуйидаги улушларда ундиришни белгилайди:
бир бола учун: даромаднинг 1/4 қисми;
икки бола учун: 1/3 қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун: 1/2 қисми.
Бунда ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
2026йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 360 000 сўм этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, 26,5 фоиз 360 400 сўмни ташкил қилади. Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгарса, алиментнинг ушбу энг кам чегараси ҳам ўзгаради.
Расмий иш ҳақи
Фарзандлар сони
Ҳисоб-китоб
Ойлик алимент
6 000 000 сўм
1 нафар
6 000 000 × 25%
1 500 000 сўм
6 000 000 сўм
2 нафар
6 000 000 × 33,3%
1 998 000 сўм
6 000 000 сўм
3 нафар
6 000 000 × 50%
3 000 000 сўм
1 360 000 сўм
1 нафар
1 360 000 × 25% = 340 000 сўм, аммо минимум миқдор қўлланади
360 400 сўм
Суд амалиётидан мисол: Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг 2-1103-2504/15494-сонли ишида она дастлаб бир нафар фарзанди учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғи олган. Кейинчалик отанинг эътирози сабаб буйруқ бекор қилинган. Шундан сўнг она алимент ундириш талаби билан даъво аризаси тартибида судга мурожаат қилган. Суд иш ҳолатларини ўрганиб, отадан боланинг вояга етгунига қадар унинг барча турдаги даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Алимент ҳар доим фоизда белгиланадими?
Агар алимент тўловчининг даромади ўзгариб турса, бир қисми натура кўринишида олинса ёки расмий иш ҳақи бўлмаса, алимент суд томонидан ҳар ой тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Масалан, ота расман иш жойига эга бўлмаса ёки даромади ойма-ой кескин ўзгариб турса, фақат иш ҳақининг 1/4 қисмини ундириш боланинг манфаатларини етарли даражада таъминламаслиги мумкин. Бундай ҳолатда алиментни қатъий суммада белгилаш масаласи кўтарилади.
Қайси ҳолларда алимент миқдори камайтирилади?
Алимент миқдори айрим ҳолларда суд томонидан камайтирилиши мумкин. Бунинг учун қонунда кўрсатилган асослар бўлиши ва судга мурожаат қилиниши керак. Суд ҳужжатида белгиланган суммани ўзбошимчалик билан камайтириш мумкин эмас.
Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота ёки онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилиши оқибатида ўша болалар моддий жиҳатдан камроқ таъминланса, тўлов миқдори камайтирилиши мумкин.
Шунингдек, алимент тўлаётган ота ёки онанинг ногиронлиги, моддий жиҳатдан қийналаётгани ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга экани, суд тўлов миқдорини камайтиришига сабаб бўлиши мумкин.
Қандай ундирилади?
Суд ҳужжати ёки бошқа ижро ҳужжати асосида алимент мажбурий тартибда ундирилади. Алимент бўйича суд буйруғи ҳам ижро ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Мажбурий ижрони амалга оширишда Мажбурий ижро бюроси иштирок этади.
Алимент тўланмаса нима қилиш кераклиги ҳақида бошқа мақолада маълумот берамиз.
Қайси кундан ҳисобланади?
Умумий қоида бўйича алимент судга ариза берилган кундан бошлаб ундирилади. Бироқ айрим ҳолларда суд ўтган давр учун ҳам алимент ундиришга қарор қилиши мумкин. Бунинг учун ариза беришдан олдин таъминот олиш чоралари кўрилгани, аммо алимент тўлаши керак бўлган шахс тўлашдан бош тортгани сабабли маблағ олинмагани аниқланиши керак. Бундай вазиятда ўтган давр учун алимент уч йилгача бўлган муддат доирасида ундирилиши мумкин.
Алимент тўловчи чет элга кетса, алимент қандай ундирилади?
Оила кодексининг 145-моддасига кўра, алимент тўловчи доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётган бўлса, у алимент олувчи билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Агар бундай келишувга эришилмаса, манфаатдор шахс алиментни қатъий суммада белгилаш, уни бирйўла тўлаш, алимент эвазига муайян мол-мулк бериш ёки бошқа усулда тўлашни талаб қилиб мурожаат қилиш мумкин.
Алимент тўлаш қачон тугайди?
Суд тартибида ундириладиган алимент бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда тугайди. Лекин, ота-она фарзанд вояга етган бўлса ҳам меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож фарзандига ҳам алимент тўлаш мажбурияти Оила кодекси 100-моддасида белгиланган.
Шунингдек, алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда, айрим турдаги алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланганда ёки у ёрдамга муҳтож бўлмай қолганда, алимент олувчи ёки тўловчи вафот этганда мажбурият тугайди.
Нима ёдда қолиши керак?
Алиментни ота-она ўзаро келишиб ихтиёрий тўлайди ёки нотариал келишув тузади.
Вояга етмаган бола учун алимент масаласида келишмовчилик бўлмаса, талаб суд буйруғи тартибида кўрилади, келишмовчилик бўлса даъво аризаси тартиби қўлланади.
Алимент учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинади. Даъвони даъвогарнинг ўзи яшайдиган ҳудуддаги судга бериши ёки my.sud.uz орқали онлайн мурожаат қилиши мумкин.
Алимент ундириш бўйича даъвогар давлат божидан озод қилинган.
Бир бола учун даромаднинг 1/4 қисми, икки бола учун 1/3 қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун 1/2 қисми ундирилади. Ҳар бир бола учун алимент МҲТЕКМнинг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. 26,5 фоизлик энг кам чегара ҳозирча 360 400 сўмни ташкил қилади.
Алимент судга мурожаат қилинган кундан бошлаб ундирилади. Алоҳида шартлар мавжуд бўлганда уч йилгача ўтган давр учун ундириш қўлланиши мумкин.