
Корхона бош директори Жамол Файзуллаев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинишича, 2024 йилнинг 2-ярим йиллигида 1 689 минг метр технологик бурғилаш, геология-қидирув ишлари учун жами 906 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини бажариш, геология-қидирув ишлари натижасида уран захираларини 2024 йил якуни бўйича жами 8 025,0 тонна ва ураннинг башорат ресурсларини 10 минг тоннага ўстириш белгиланган. Шимолий Букиной, Актау, Аулбек, Нуркон, Мойбулоқ конлари бўйича якуний геологик ҳисоботлар тузилиб, Давлат захиралари комиссиясида жами 22 000 тонна уран захираларини тасдиқлаш режалаштирилган.

Хусусан, йил якунига қадар 23 та бурғилаш ускунасини олиб келишни ҳамда дизел электр станцияларини ва бошқа зарур товар моддий бойликларини харид қилинишини тезлаштириш, Уран ишлаб чиқариш заводидаги печни қайта реконструкция қилиш бўйича зарур бўладиган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар олиб келиш ва қисқа муддатда фойдаланишга топшириш, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Хитойнинг CNUC компанияси билан имзоланган Стратегик келишувга мувофиқ қабул қилинган “Йўл хариталари” ижросини ўз вақтида таъминлаш, халқаро компаниялар билан геологик қидирув ишларини амалга ошириш бўйича қўшма корхонани ташкил этиш, “Маъданли”, “Жантуар” ва “Косчека” конлари маъданларини қайта ишлашнинг оптимал технологиясини ишлаб чиқиш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда тажриба-синов ишларини олиб бориш бўйича технологик намуналарни хитойлик ҳамкорларга жўнатиш, геология-қидирув маълумотларини рақамлаштириш бўйича “қора сланес” турдаги “Жонтуар”, “Косчека” ҳамда “Маъданли” конларининг 3D моделларини яратиш, ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиб бориш бўйича рақамли технологиялар жорий этилади.















