Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрига қайта кўчиб кирган аҳолини яна секторнинг жанубий ва марказий қисмига эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган. Анклавнинг шимолий қисмида Исроил ҲАМАС гуруҳига қарши янги жанговар операция бошлаган.

Исроилликлар томонидан самолётлардан ташланган варақаларда «хавфли жанговар ҳаракатлар зонаси»ни тарк этиш сўралган ва соҳил бўйидаги Дайр ул-Балаҳ ва аз-Завайдага йўл олиш учун хавфсиз иккита йўналиш белгилаб берилган.

БМТ ҳар доимгидек эвакуациянинг янги тўлқинидан чуқур ташвишда эканини билдирган.

Исроил ҳарбий ҳукуматни тарқатгач, Исроил бош вазири кичикроқ хавфсизлик форуми ташкил этиб, унга миллий хавфсизлик вазири, ултраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвирни киритишни ваъда қилган. Бу ҳақда Бен Гвирнинг ўзи журналистларга интервюсида мақтанган.

«Мен фақат бир хил фикрловчи одамлардан иборат бўлмаган форум тузишни сўрадим. Бош вазир бундай форум тузишни ваъда қилганди, лекин ҳамон тузгани йўқ. Шунинг учун биз санкциялар қўллаймиз», деган Бен Гвир.

Бен Гвир атрофидагиларнинг айтишича, Нетаняҳу уни ҳарбий кабинетга киритмаслик учун ҳамма нарсага тайёр. Бунга жавобан Бен Гвир ўз партиясини ҳукумат коалициясидан олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилиб келади.

Бу орада, Ғазода ўлдирилганлар сони 38 минг 295 кишига етган. Урушнинг 278-кунига келиб, яраланганлар 88 минг 241 кишини ташкил этмоқда. Ўтган сутка ичида исроилликлар 4 та оммавий қирғин ўтказиб, 52 кишини ўлдирди, 208 киши яраланди.

Байдендан хавфсираш

АҚШ Вакиллар палатасидаги демократларнинг учдан бир қисми президентлик сайловида Жо Байден эмас, бошқа демократ қатнашишини истамоқда, деб ёзди The Wall Street Journal нашри.

Газета хабарига кўра, яна учдан бир қисм демократлар Байден сайловда қатнашишига кўниб бўлган, аммо улар ғалабага ишонмаяпти. WSJ'га бу ҳақда шахсини маълум қилмаган демократлар маълум қилган.

Журналистлар вакиллар палатасидаги демократлардан фақат етти нафари Байден пойгадан чиқиши ҳақида очиқ гапиргани, қолганлар бу ҳақда фақат ўзаро суҳбат вақтида гапирганига эътибор қаратган.