Ўзбекистонда йиллар давомида ҳужжатсиз қолиб кетган уй-жой ва ер участкаларига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун биринчи умумдавлат акцияси – 2018 йил 20 апрелдаги 5421-сонли президент фармони билан қабул қилинган бўлса, иккинчи “акция” 2024 йилдаги 937-сонли қонун билан қабул қилинди.

Қонуннинг мақсади — узоқ йиллардан буён амалда мавжуд бўлган, бироқ ҳужжатлари биринчи умумдавлат акциясида ҳам тўлиқ расмийлаштирилмаган кўчмас мулк обектларини қонунийлаштиришдир. Аммо қонундаги айрим нормаларнинг ўзи ёки уларни қўллашдаги хатоликлар бугунги кунда янги муаммоларни пайдо қилмоқда.

Шахсий амалиётим асосида Бухоро шаҳрида кузатилган ҳолатлар шундай хулосаларга келишни тақозо қилмоқда. Масала биргина хонадон ёки битта кадастр ҳужжати ҳақида эмас. Муаммо юқоридаги қонуннинг 12-моддасини қўллаш, ернинг қачон эгалланганини тўғри аниқлаш ва 6 сотихдан ортиқ майдонни автоматик равишда деҳқон ёки томорқа хўжалиги учун ер сифатида қайд этиш амалиёти билан боғлиқ.

Қонунда 6 сотих қаердан пайдо бўлган?

937-сонли қонуннинг амалдаги таҳрири 12-моддасига кўра, якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкаси 1999 йил 1 январга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан — яъни 24 сотихдан — кўп бўлмаган майдонга ижара ҳуқуқи эътироф этилади. Агар ер 1999 йил 1 январдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоят марказларида бу миқдор 0,06 гектар — 6 сотих, қолган ҳудудларда эса 0,12 гектар — 12 сотих этиб белгиланган.

Қонунга бундай қоиданинг киритилиш тарихи эса Ер кодекси билан боғлиқ. Айнан илк бор 0,06 гектар — 6 сотихлик чеклов Ер кодекси орқали кучга кирган.

Муҳим жиҳат шуки, 2026 йил 15 июндаги 1153-сонли қонун билан 12-моддадаги вақт чегараси ўзгартирилди: аввалги “1998 йил 1 июл” санаси “1999 йил 1 январ” санасига алмаштирилди. Шу сабабли бугунги амалиётда айнан 1999 йил 1 январ санаси мезон сифатида олиниши керак.

12-модда яна шуни ҳам белгилайдики, якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ернинг амалдаги майдони қонундаги лимитдан ошса, ортиқча қисмга бўлган ижара ҳуқуқи, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказмаса, деҳқон ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилади.